Кампиробод иши. Суд собиқ депутат Нарматовани ҳибсда қолдирди

262

16 ноябрда Бишкек шаҳар суди фаол ва собиқ депутат Орозайим Нарматованинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш юзасидан берилган шикоятни кўриб чиқди. Шаҳар суди биринчи инстанция қарорини ўзгартирмай, Нарматовани ҳибсда қолдирди.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди қарорига кўра, Нарматова 20-декабрга қадар Бишкекдаги  СИЗО-1да сақланади.

Шаҳар суди мажлисида сурат ва видео тасвирга олиш тақиқлангани ҳақида «Азаттик» хабар бермоқда. Йиғилишнинг ўзида Нарматованинг адвокати ҳакамларга эътироз билдирган, бироқ улар бу илтимосни қаноатлантирмаган.

Собиқ депутат Орозийим Нарматова 26-октябрдан 27-октябрга ўтар кечаси Москвада қўлга олинган. Хабар қилинишича, у «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси бўйича ҳибсга олинган. Кейин фаол Илгиз Шаменовнинг ҳам ҳибсга олингани маълум бўлган.

27-октябрда Шаменов Нарматова билан бирга Бишкекка олиб кетилаётгани ҳақида хабар берган.

«Маълум бўлишича, [Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек] Ташиевнинг ўзи Москвага келиб, бизни экстрадиция қилишни сўраган, гўё биз ўта хавфли жиноятчилардек», — деган у.

Кўп ўтмай, суд иккаласини ҳам 20-декабргача Бишкекдаги СИЗО-1га жойлаштирган.

Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилганларнинг ҳибсга олиниши

23 октябрда Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилган ва уни ҳимоя қилиш қўмитаси тузган сиёсатчилар ва фаолларнинг уйида тинтув ўтказилиб, ўзлари ҳибсга олинган. Ўша куни 22 киши ҳибсга олинган, кейинроқ уларнинг сони 27 нафарга етган.

Ички ишлар вазирлиги сиёсатчилар ва фаоллар «оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганлик»да гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилган. 25 октябрга ўтар кечаси Бишкекнинг Биринчи май туман суди деярли барча ҳибсга олинганларни икки ойга қамоқда қолдирган.

Омбудсмен институтининг раҳбари Атир Абдрахматованинг айтишича, тинтувлар давомида милиция бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйган: масалан, қўлга олинганларга таҳдид қилган, яқин қариндошларининг мол-мулкини мусодара қилган ҳамда уларни расмий чақирувсиз сўроққа олган.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўз айбларини тан олмаганликларини айтиб, босим ҳақида гапиришган.

Йигирмадан ортиқ фаол ва сиёсатчининг ҳибсга олиниши  бир қатор депутатлар томонидан қораланган ва Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса Қирғизистон расмийларини барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган.

Президент Садир Жапаров сиёсатчилар ва фаолларнинг оммавий ҳибсга олинишига изоҳ берар экан, қўлга олинганлар учун Кампиробод масаласи «баҳона эканини» айтган. Президентнинг фикрича, улар ҳокимиятга эришиш учун сув омбори мавзусини баҳона қилишмоқда.