Қирғизистонда туғилиб ўсган россиялик спортчи Дмитрий Бивол Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) версияси бўйича ярим оғир вазн тоифасида тўртинчи бор жаҳон чемпионлигини ҳимоя қилди.
5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар кечаси Бивол чемпионлик камари учун даъвогар мексикалик Жилберто Рамиресни мағлуб этди. Жанг тўлиқ 12 раунд давом этиб, Биволнинг ғалабаси билан якунланди.
AND STILL 👑 @bivol_d
📝 118-110, 117-111, 117-111 🔥#BivolZurdo pic.twitter.com/37uELeWVYy
— Matchroom Boxing (@MatchroomBoxing) November 5, 2022
Дмитрий Бивол 21 та жангда 21 ғалаба қозониб, мағлубиятсиз жанглар ўтказган. Бивол ўзининг 11 та жангини муддатидан олдин якунлаган.
Рамирес учун эса бу мағлубият фаолиятидаги биринчиси бўлди. Бунгача у 44 та жангнинг 44 тасида ғалаба қозонган, шундан 30 тасида нокаут қайд этилган.
Дмитрий Бивол 1990 йилнинг 18 декабрида Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Спортчи 6 ёшида бокс билан шуғуллана бошлаган.
2002 йилда у оиласи билан Санкт-Петербургга кўчиб ўтган. 2007 йилда Бивол халқаро спорт устаси унвонига сазовор бўлган.
Мексикалик Саул «Канело» Алварес устидан қозонилган ғалабадан сўнг Биволни шахсан Қирғизистон президенти Садир Жапаров табриклади. Август ойида боксчи Қирғизистонга келиб, Жапаров билан учрашган эди.