Омурбек Текебаев Кампиробод иши бўйича кўрсатма берди

283

Қирғизистоннинг Германиядаги элчиси Омурбек Текебаев терговдан сўнг Ички ишлар вазирлигининг биносидан чиқди. Бу ҳақда адвокат Чинара Жакупбекова Фейсбукдаги саҳифасида ёзди.

«Агар уни доим қўллаб-қувватлаган Асия Сасиқбаева ва Гулнара Жубараевалар оғир кунларни бошидан кечираётган бир пайтда Омурбек Текебаев Қирғизистонга келмаганида, бу одамгарчиликка тўғри келмай қоларди. Текебаев уларни қонун доирасида қўллаб-қувватлаш учун тўрт кунлик дам олиш кунларида келди. У Кампиробод масаласи бўйича сўроққа олинган», — деди адвокат.

Текебаевнинг ўзи журналистларга берган интервьюсида сўроқ тафсилотлари ҳайта айта олмаслигини билдирди.

«Биласизлар, тафсилотларни ошкор этиш мумкин эмас. Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрииш иши бўйича кўрсатма бердим», — деган сиёсатчи.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги Омурбек Текебаев гувоҳ сифатида сўроқ қилингани ҳақида хабар берган эди.

6 ноябрь куни тушдан кейин Қирғизистоннинг Германиядаги элчиси Омурбек Текебаев милицияга сўроққа чақирилган.

Унинг айтишича, у ИИВда гувоҳ сифатида сўроқ қилинади, бироқ қандай ҳолатда эканини билмайди. Текебаевнинг айтишича, у Германиядан Бишкекка 5 ноябрда келган.

Омурбек Текебаев жорий йилнинг февраль ойида Қирғизистоннинг Германиядаги элчиси лавозимига тайинланган эди.

Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши бўлган ва уни ҳимоя қилиш қўмитаси тузган фаоллар ҳамда сиёсатчилар оммавий ҳибсга олинганидан кейин Текебаев Қирғизистонга учиб келган. Ҳибсга олинганларнинг баъзилари, масалан, Асия Сасиқбаева Текебаевнинг сафдоши бўлиб, «Ата Мекен» партияси рўйхати бўйича Жогорку Кенешга сайланган.

Фаоллар ва сиёсатчиларнинг ҳибсга олиниши

23 октябрда сиёсатчилар ва фаолларнинг уйида тинтув ўтказилиб, ҳибсга олинди. Ўша куни 22 киши қўлга олинган, кейинроқ уларнинг сони 27 нафарга етган. Ички ишлар вазирлиги улар «оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш»да гумонланиб, ҳибсга олинганини маълум қилган. 25 октябрга ўтар кечаси Бишкекнинг Биринчи май туман суди деярли барча ҳибсга олинганларни Бишкекдаги СИЗО-1га жойлаштирган.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўз айбларини тан олмаганликларини айтиб, босим ҳақида гапиришган. Уларнинг фикрича, жиноий таъқиб уларнинг Кампирободдаги позицияси туфайли бошланган.

Фаол ва сиёсатчининг ҳибсга олиниши  бир қатор депутатлар томонидан қораланган ва Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса Қирғизистон расмийларини барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган.

Текебаев оммавий ҳибсга олишлар бўйича изоҳ берар экан, қўрқитиш ва ҳибсга олиш яхшиликка олиб бормаслигини таъкидлади.

Президент Садир Жапаровнинг айтишича, ҳибсга олинганларни Кампиробод масаласи «қизиқтирмайди». Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, улар ҳокимиятга эришиш учун сув омбори мавзусини баҳона қилишмоқда.