Ўш вилоятининг Ўзган туманида 37 ёшдаги ҳомиладор аёл туғруқхонада вафот этган. Марҳумнинг яқинлари шифокорларни масъулиятсизликда айбламоқда. Милиция эса уларнинг шикояти йўқлигини айтмоқда. Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу факт бўйича текширув бошлади.
Нима бўлди?
Маълумотга кўра, воқеа 25 сентябрда бўлган. 37 ёшли Жаннат Сотибалдиева муддати ўтиб кетгани учун туғруқхонага келган.
Сотибалдиеванинг яқинлари «Турмуш» нашрига берган интервьюсида аёл тўлғоқ қўзғатиш мақсадида укол қилинганидан кейин ўлиб қолганини айтишди.
«Тўлғоқ чақирувчи укол қилишдан аввал ярим стакан сув бердим. Доя менга чиқишим кераклигини айтди. Ўшанда келинойимнинг аҳволи яхши эди. [...] Кейинроқ келганимда, келинойим кўкариб, хириллаб ётибди. Кейин улар [шифокорлар] “операция қилишимиз керак”, дейишди. Кўтараётганда қурилмадан овоз чиқиб кетди. Ўшанда келинойимнинг жони узилганга ўхшайди. Кечки соат 18:00 атрофида уни шошилинч операцияга олиб кириб кетишди. Кейин ўша бўйича соат 00:00 да "сабр қилинглар" дейишди. Бир сўз билан айтганда, бу бепарволик», – деди марҳумнинг қайин синглиси Гуласел Мусаева.
Марҳумнинг турмуш ўртоғи Канибек Мусаев шифокорлар унинг хотинига тўлғоқ чақирувчи уколни «салбий реакция қилганига қарамай» қайта қўллашганини айтди.
«Туғруқхонадаги икки аёл умуман яқинлаштирмай қўйишди. Мен ёмонламайман. Агар шифокорларнинг иши тўғри келмаса, қарай олмасалар, қарай оладиган бировни ёнига қўйиб қўймайдими! [...] Улар умидсиз ҳолда травматологни чақиришган. Ҳеч ким ҳеч нарсани билмайди. Бу бепарволик туфайли эди. Улар реакция бераётган уколдан яна сайиб қўйишган», — деди Мусаев.
Сотибалдиеванинг яқинлари аёлни туғдирган шифокорлар «ҳеч қаерга ишга олинмасин» деб талаб қилишди. Шунингдек, «бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун туғруқхонага камералар ўрнатиш зарурлигини» таъкидладилар.
Туман шифохонасининг туғруқ бўлими мудири Аида Начиева эса «аёлнинг ўлимига тўлғоқ қўзғатувчи укол сабаб бўлган деган фикрга қўшилмаслигини» билдирди.
«Уколни олгандан кейин аёлнинг аҳволи оғирлашиб, 20 дақиқа ичида вафот этган. Ҳозир "уколдан реакция бўлибди" деган гап тарқалибди. Лекин биз бунга қўшилмаймиз. Бу уколни кўпчилик олиб юради. Бундай реакция қайд этилмаган, бундай бўлиши мумкин эмас. Биз у келган чоғда ташхис қўйдик. Қон ивиб, қон томирида тромб ҳосил бўлиб, ўша тромб ўпкага бориб қолган вақтда ҳам шундай бўлади деди», — деди у.
Шунингдек, ўша воқеа содир бўлган куни навбатчи шифокор ва акушера ишдан бўшатилганини қўшимча қилди.
Ўзган туманидаги бирлашган оилавий тиббиёт марказидан эса «Клооп»га марҳумнинг касаллик тарихи текширилишини ва тергов давом этишини ваъда қилди.
Марҳумнинг ортидан 2 ўғли ва 2 қизи қолди.