Тилекмат Куронов: Ташиев Кампиробод бўйича учрашувга келганларни қўрқитиб, ҳақорат қилган

261

МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиш масаласида президент Садир Жапаров билан учрашишга келган фаолларни қўрқитиб ва ҳақорат қилди. Бу ҳақда йиғилиш иштирокчиларидан бири, фаол Тилекмат Куронов жонли эфирда маълум қилди.

«Эски даражада. Саволга жавоб бераётиб [Камчибек Ташиев] сен мухолифатсан, сенинг ниятинг бузуқ, кўра олмайсан, ақлинг етмайди, деган сўзларни лексиконида фойдаланди. Президентимиз бош бўлиб. Яъни икки дўстдан бошқа “анқов” эканмиз», — дейди фаол.

Унга кўра, йиғилиш ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва 300 га яқин киши қатнашган.

«Аммо улар мамлакат тақдирини ҳал қила олмайди. Мен ҳам бормай қўяверай дегандим, лекин ўз кўзим билан кўрайин, қандай афзалликлар ёки камчиликлар бор дея қарор қилдим. [...] Берган саволларга [ҳукумат] аниқроқ жавоб бера олмади, ишонтира олмади. Мен аввалгидан кўра кўпроқ ишонч ҳосил қилдим, кўзим етиб чиқди. Бизни алдаяпти. Биз охиригача туришимиз кераклигига ишончим комил бўлди», — деди Куронов. Фаол ҳукумат Кампирободни Ўзбекистонга бериш учун қатъий қадам ташлаётганини яна бир бор  таъкидлади.

«Садир Жапаров бугунги йиғилишдан сўнг халқ рози эмас деб Ўзбекистон президентига айтиб, бу қадамлардан [Кампирободни беришдан] қайтади, деб ўйладим. Йўқ, булар Кампирободни бериш учун ҳал қиладиган қадамни ташлашиб бўлган экан», —  деди фаол.

Фаоллар ва ҳукуматнинг Кампиробод масаласи бўйича учрашуви бугун 20-октябрь куни Ҳукумат уйида бўлиб ўтди. У президент маъмурияти томонидан ташкил этилди.

Йиғилиш ёпиқ бўлиб, келганларнинг барчаси рўйхат билан киритилди. Журналистларга эса олдиндан аудио ва видео ёзиш тақиқлангани ҳақида билдирилган.

Кампиробод бўйича баҳслар

Ҳукуматга кўра, Ўзбекистон билан чегара масаласини ҳал қилиш бўйича ишлар якунланиб қолди. Масалан, 1378 километрлик чегаранинг 1170 таси ёки 85%и аниқланган.

Икки давлат ҳукумат делегациялари 2022-йил 26-сентябрда давлатлар ўртасидаги чегаранинг айрим участкалари бўйича лойиҳаларни келишиш тартиб-таомилларини бошлаш имконини берувчи баённомани имзоладилар. Бироқ, чегарани аниқлашда Кампиробод сув омбори муаммо туғдирмоқда.

Шу билан бирга, чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегацияси раҳбари, МХДҚ  раиси Камчибек Ташиев Кампиробод сув омбори олдидаги ерлар Ўзбекистонга ўтказилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, у сув омборидан ҳар икки давлат  тенг 50/50 фойдаланишига ишонтирди.

МХДҚ  раисининг сўзларига кўра, унинг ўрнига чегарадош туманлардаги  бир нечта баҳсли ҳудудлардаги 19 минг 699 гектар ер Қирғизистонга ўтказилади

Бироқ маҳаллий аҳоли ва айрим сиёсатчилар Кампирободнинг Ўзбекистонга берилиши мумкинлигига  қарши чиқмоқда. Масалан, сув омбори жойлашган Ўш вилоятининг Ўзган туманида фуқаролар 15 октябрь куни халқ қурултойи ўтказиб, унда 600 дан ортиқ киши иштирок этган.

Улар сув омбори авваллари баҳсли ҳудуд бўлмагани, нима учун Ўзбекистонга ўтказилаётганини тушунмаганликларини айтишди. Маҳаллий аҳоли Ўзбекистон берган ваъдасини бажармайди, сув омбори ва унинг атрофидаги ҳудудлардан фойдалана олмаслигидан хавотирда.