Қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувдан жабр кўрган боткенликларни қўллаб-қувватлаш ва уй-жойларни тиклаш учун бюджетдан 100 миллион сом ўтказилди. Чегара ҳудудларига эса 110 миллион сом ажратилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди.
Вазир ўринбосари Руслан Суйналиевнинг айтишича, ҳозиргача қуролли тўқнашувдан жабр кўрган аҳолига 1 миллиард сом ажратилган.
«Жорий йилда Боткен вилояти учун тасдиқланган бюджет 4 миллиард 197 миллион сомни ташкил этди. Сентябрь ойидан бошлаб ривожлантириш дастури доирасида 500 миллион сом маблағ ажратилди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан капитал ҳиссаларнинг ҳажми 3 миллиард сомга оширилган», — деди у.
Шунингдек, Суйналиев жабрланганларга ихтиёрий ёрдам кўрсатиш учун очилган ҳисоб рақамига 327 миллион сом тушганини қўшимча қилди. Унга кўра, маблағнинг 84 миллиони боткенликларга ўтказилган.
Қуролли можаро
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14 сентябрь куни бошланган. 16 сентябрда эса вазият кескинлашди. Қирғизистон ҳукумати Тожикистон томонини «босқинчилик ва ҳарбий ҳужум»да айблади. Тожикистон томони эса «эскалация» да Қирғизистонни айблади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, қуролли низо оқибатида 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган. Шунингдек жароҳатланган қирғизистонликлар сони 206 кишини ташкил қилди.
Қуролли тўқнашувлар давомида Боткен вилоятининг чегарага яқин қишлоқларида яшовчи 136 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини ташлаб, хавфсиз жойларга кўчирилди. Можарода Қирғизистонга етказилган моддий зарар миқдори 3 миллиард 130 миллион сомга баҳоланган.
Муаллиф: Сезимай Жураева