Кампиробод масаласи: Юздан ортиқ одам Қуршобдан Ўзганга қараб пиёда юришга чиқди

334

21 октябрь куни Ўш вилоятининг Ўзган туманида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши бўлган аҳоли пиёда юришга чиқди. Улар «Кампиробод Қирғизистонда қолсин» деб талаб қилишмоқда.

Акцияга келган 100 дан ортиқ киши Қуршоб қишлоғидан чиқиб, Ўзган тумани маъмурияти томон йўл олди.

Пиёда юриш иштирокчилари «Кампиробод берилмасин!», «Кампиробод— жанубнинг Иссиқкўли!» деган ёзувли плакатларни кўтариб чиқишди.

«Қирғиз халқи, уйғонинглар. Ҳаммамиз бир ёқадан бош, бир енгдан қўл чиқариб юришда қатнашайлик. Юриш ҳар куни бўлади. Ҳурматли мутасаддилар шунча халқнинг ризқини қийманг. Халқнинг гапига эътибор бериб, рози бўлишингизни талаб қиламиз», — деди юриш иштирокчиси Келдибек Баймуратов.

Акция иштирокчилари пиёда юришда ҳеч қандай сиёсат ва ҳокимиятни эгаллашга уриниш ҳаракати йўқлигини таъкидладилар.

Кампиробод бўйича баҳслар

Ҳукумат маълумотига кўра, Ўзбекистон билан чегара масаласини ҳал қилиш бўйича ишлар якунланган. Масалан, 1378 километрлик чегаранинг 1170 таси ёки 85%  аниқланган.

Икки давлат ҳукумат делегациялари 2022-йил 26-сентябрда давлатлар ўртасидаги чегаранинг айрим участкалари бўйича лойиҳаларни келишиш тартиб-таомилларини бошлаш имконини берувчи баённомани имзоладилар. Бироқ, чегарани аниқлашда Кампиробод сув омбори муаммо туғдирмоқда.

Шу билан бирга, чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегацияси раҳбари бўлиб ҳисобланган МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Кампиробод сув омбори олдидаги ер Ўзбекистонга ўтказилаётганини маълум қилди. Бироқ Ташиев сув омборидан икки давлат 50/50 фойдаланишига ишонтирди.

Бироқ маҳаллий аҳоли билан айрим сиёсатчилар Кампирободнинг Ўзбекистонга берилиши мумкинлигига қарши чиқишмоқда.

Масалан, сув омбори жойлашган Ўш вилоятининг Ўзган туманида 15 октябрь куни фуқаролар қурултойи бўлиб ўтди, унда 600 дан ортиқ киши иштирок этди.

Улар сув омбори авваллари баҳсли ҳудуд бўлмагани, ҳалигача нима учун Ўзбекистонга ўтказилаётганини тушунмаганликларини айтишди.

Маҳаллий аҳоли Ўзбекистон берган ваъдасини бажармайди, сув ва сув омбори атрофидаги ерлардан фойдалана олмаслигидан хавотирда.