Боткенда катта миқдордаги пулни Тожикистондан ноқонуний олиб ўтишда гумон қилинган тўрт қирғизистонлик қўлга олинди. Бу ҳақда МХДҚдан хабар берди.
Маълумотга кўра, 15-октябрь куни Боткен тумани Қорабоғ қишлоғида иқтисодий контрабандани аниқлаш ва олдини олиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди. Унда контрабанда билан шуғуллангани маълум бўлган 41 ёшли фуқаронинг «Мерседес-Бенц» русумли автомашинаси тўхтатилган.
Тинтув чоғида полиэтилен пакетларга солинган 2 млн 750 минг АҚШ доллари топилди. МХДҚдан у қўшни Тожикистондан ноқонуний олиб ўтилганини таъкидлашди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан «Иқтисодий контрабанда» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Бунга алоқадорликда гумон қилинган 4 нафар шахс қўлга олиниб, вақтинчалик ҳибсга олинди.
Ўтган йилнинг май ойида Қирғизистон Тожикистон билан чегарасини бир томонлама ёпганидан бери контрабанда ҳолатлари қайд этилган.
Шу боис дастлаб маҳаллий аҳоли халқ гуруҳларини тузиб, икки давлат ўртасида контрабандачиларни қўлга олишга киришган. Шунингдек ҳукуматдан назоратни кучайтиришни ҳам талаб қилмоқда.