Хавфсизлик Кенгашининг котиби Марат Иманкулов президент Садир Жапаров Россиянинг президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, қирғиз-тожик чегараси муаммосини ҳал қилишда ёрдам кўрсатишини илтимос қилганини айтди. Бу ҳақда Иманкулов Биринчи радио эфирида билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Россия томони ҳар икки давлатнинг материалларини кўриб чиқиб, якуний баҳони беришга ваъда қилган.
Бу маълумотни «Клооп»га президент администрациясидан ҳам тасдиқлашди. «Остонада мазкур масалани тартибга солишда кўмак беришни сўраб мурожаат қилинган, чунки Россия СССРнинг вориси ҳисобланади», - деди Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев.
Аввалроқ Путин Қирғизистон билан Тожикистон давлат раҳбарлари Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон билан уч томонлама учрашувга изоҳ берган эди. Ўшанда қирғиз-тожик чегара масаласи муҳокама қилинган.
Россия раҳбарининг сўзларига кўра, томонлар чегарада ҳарбий ҳаракатларнинг олдини олиш чораларини кўришга келишиб олган. «Иккинчидан, жуда аҳамиятлиси, томонлар қочқинларни қайтариш учун тегишли қадамларга боришади. Учинчидан, бу жиддийроқ масала, бу ерда муҳим элемент, гарчи биз ҳеч қандай воситачилик ролини ўйнашга иштиёқимиз йўқ бўлса-да, лекин очиғи, биздан шу илтимос қилинган, ҳам биринчи, ҳам иккинчи томон бизга тегишли ҳужжатларни беришни ҳамда масалани ҳал қилиш йўлларини ҳар бири мустақил таклиф қиладиган бўлди. Биз бу таклифларни шунчаки баҳолаб қўймай, келажак музокараларга асос бўлувчи биздаги ҳужжатларни ҳам қўллашга ҳаракат қиламиз», — деди Путин.
Россиянинг президенти Москвада Иттифоқ мамлакатлари чегаралари тўғрисида ушбу мамлакатларнинг ўзларига қараганда «ишончли маълумотлар» кўп бўлиши мумкин деб қўшимча қилди.
«Ўша ҳужжатларни, хариталарни кўтарамиз, кейин ҳамкасбларимиз билан биргаликда қарор қабул қиламиз», — дея таъкидлади Путин.
Уч президентнинг учрашуви
Садир Жапаров, Владимир Путин ва Эмомали Раҳмоннинг учрашуви 13 октябрь куни Остона шаҳрида ўтди.
Аввалроқ президент матбуот хизмати учрашув Владимир Путин ташаббуси билан ташкил этилгани ҳақида хабар берган эди. У ерда қирғиз-тожик чегараси масалалари муҳокама қилинган.
Учрашув аввалида Путин сўз бошлаб, у Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам «Россиянинг яқин иттифоқчилари ва стратегик ҳамкорлари» эканини таъкидлади. Шунингдек, у Россияда бир миллион Қирғизистон ва икки миллион Тожикистон фуқаролари яшаб, ишлайди ва ўқишини айтган.
Учрашувнинг асосий қисми ёпиқ эшиклар ортида ўтди.
Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув чоғида Жапаров Тожикистон билан чегарадаги қуролли тўқнашув оқибатларини эслатган.
Шунингдек, маъмурият хабарига кўра, Жапаров Қирғизистон қирғиз-тожик чегара чизиғини ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлиб ва тезроқ шакллантиришга «иштиёқда» эканини таъкидлади. Давлат раҳбари бу барқарорлик ва яқин қўшничилик гарови бўлишини қўшимча қилди.
Тожикистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда давлат раҳбарлари қирғиз-тожик чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокараларнинг боришини кўриб чиқди.
«Пайдо бўлган муаммоларни фақат сиёсий-дипломатик воситалар билан ҳал этишга, шунингдек, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат гуруҳлари ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳларнинг фаолиятини фаоллаштиришга келишиб олинди», — дейилади хабарда.