Ҳосилдор ернинг ўрнига тошлоқ ер. Қирғизистон Кампирободдан айрилса нима бўлади?

253
Кампиробод сув омбори, 2021 йил.Сурат: Данил Усманов / Eurasianet

22-октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Бишкекка келганида Қирғизистон ҳукумати Кампиробод сув омборини қўшни давлатга ўтказиш бўйича келишув имзолаши мумкин. Нима деб ёзилгани махфий сақланаётган ҳужжат ҳали тасдиқланмаган: Қирғизистон жанубида аҳоли норозилик намойиши ўтказмоқда. Давлат оммавий ахборот воситалари бераётган ижобий хабарларидан улар нима сабабдан қарши эканини тушуниш қийин.

Бироқ 15 октябрь куни Ўш вилоятида бўлиб ўтган қурултойда Ўзбекистон нафақат сув, балки Кампиробод сув омборининг баҳорда сув босадиган, кейин эса тортилиб  кетадиган унумдор ерларини ҳам олиши маълум бўлди. Айнан у ерда маҳаллий аҳоли ўзган гуручини етиштиришади. Бундан ташқари, бу ҳукумат сўрамай ўтиб кетаётган оқибатлардан фақат биттаси.

Ўзган тумани Ерни тартибга солиш қўмитаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Акил Айтбаев «Клооп»га Кампирободдан ажраса Қирғизистонни нималар кутаётганини айтди.

– Мен шу ерда туғилиб ўсганман. 1991-1998 йилларда Ўзган туманида ер қўмитаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишладим. Мен у ерларни яхши биламан, чегара чизиғини ҳам аниқ айта оламан.

Ҳукумат Ўзбекистонга Кампиробод сув омборини бериши мумкин бўлган чегаралар ҳақида гап кетганда, «900-горизонт»  сўзи тез-тез тилга олинади. Бу қандай горизонт, тушунтириб берсангиз?

— «900-горизонт» — бу денгиз сатҳидан 900 метр баландликдаги чизиқ. [МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев кўтараётган Ўзбекистон билан] битим лойиҳасига кўра, Кампиробод сув омбори 900 метрли белгигача тўлганида, сув олдида қолган ернинг ҳаммаси Ўзбекистонга кетади. Бу 5731 гектардан 4485 гектарни (5731 га- сув омборининг рухсат этилган максимал даражаси 908 метргача сув билан тўлдирилганда умумий майдони) олади. Ернинг қолган қисми шартнома лойиҳасига кўра, Қирғизистонда қолади.

Бу Ўзбекистон билан чегара 900-горизонтал бўйлаб ўтади дегани. Кеча бу ерга, Қизил Октябрь қишлоғига замонавий асбоблар билан мутахассислар келди. Улар минтақада 900-горизонт қаердан ўтишини аниқладилар. Маълум бўлишича, бу ер ҳозир қурултой ўтаётган қишлоқдан анча пастроқда, ўша Ўзбекистонга ўтади. Демак чегара қишлоқнинг ўзидан ўтади.

Агар Қирғизистоннинг 900 метрда деб белгилаб қўйилган байроқларига қарасак, Қизил Октябрь қишлоғи келажакда тушадиган чегара чизиғидан юқорида, Кампиробод сув омбори олдидаги ерлар эса ундан пастда бўлади. Ҳозир сув омбори бўйида яшовчи аҳоли шоли, маккажўхори ва бошқа дон экинларини етиштиради. [Сув омборининг ерлари берилса] улар нима бўлади?

— Совет даврида Кампиробод сув омбори қурилаётганда имзоланган шартномага кўра, Ўзбекистон ундаги сувдан фойдаланиши мумкин эди. Аммо сув тортилиб, (сув остидаги ер очилганда) бизнинг халқ ерни хоҳлагандай фойдаланган.

Ҳозир сувнинг қаерда жойлашганидан қатъи назар, чегара 900-горизонтал билан чизилади. Ўзбекистон бу ҳудуддаги чегара чизиғи тўсилмайди, ҳеч кимга тегмаймиз деб кафолат бермоқда: қирғизистонликлар аввалгидай сувдан хоҳлаганча фойдаланиши, чорвасини суғориши, экини суғориш учун фойдаланиши, балиқ овлаши мумкин.

Балки, ҳозирча тўсилмас.  Аммо, кейинроқ агар Ўзбекистон президенти алмашса, улар тўсиқ ҳам, пост ҳам, минора ҳам  қуради деб қўрқаман. Ўшанда биз сувдан маҳрум бўламиз.

Менга тушунарсиз бўлган яна бир ҳолат, нега ҳукумат  стратегик объект тақдирига бефарқ қараяпти. Қирғиз-ўзбек чегараси сув омборининг ярим ой шаклидаги тўғонининг ўртасидан ўтади. Тўғоннинг ярми Ўзбекистонга, ярми бизга қараган. Бизнинг агрегатимизда иккита ГЭС ва ёрдамчи электр станцияси мавжуд. Лекин улар Ўзбекистонга тегишли. Қўшни давлат Кампиробод сувидан 60 йилдан бери фойдаланиб келади, бироқ тасодифан тўғон ёрилиб кетса, бутун Фарғона водийси сув остида қолишидан хавотирда. Шунинг учун Ўзбекистон тўғонни ўз ҳимоясига олди ва у ерга ҳеч кимни киритмайди. Эндиликда 19,5 гектар ер, тўғоннинг иккита ГЭС жойлашган Қирғизистонга тегишли қисми биргаликда Ўзбекистонга берилиш арафасида. Шу билан бирга, шартномада электр станциялари ҳақида ҳеч нарса айтилмаган - фақат ер берилади деб ёзилган.

Кампиробод сув омбори қурилишида Ўзбекистон ССРи сувдан фойдалангани учун Қирғизистон ССРга канал қуриб мажбуриятини олган. У қандай канал ва қаердан ўтиши керак?

— Ўзбекистон ССРи сувдан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун Қирғизистон ССРи олдидаги мажбуриятларининг ҳеч бирини бажармаган. Биринчи навбатда улар Кампиробод тўғонидан пастда, чап қирғоқ бўйлаб Боткен ва Сўхгача бўлган 219 километрлик канал қуришлари керак эди. Бажармадилар. Кейинроқ улар канални 70 километрга қисқартиришди: 149 километр қурамиз дейишди. Бироқ, биронта ҳам километр ҳам қуришмади. Бундан ташқари, сув омбори қурилиши вақтида Ўзган-Хонобод йўлини сув босиб қолган. Ўзбекистон томони янги йўл қуришга ваъда берган, бироқ ваъдасини бажармаган.

Кейин сув омбори қурилгач, унга яқин атрофдаги қишлоқларда ер ости сувлари кўтарила бошлаган. Ер экин учун яроқсиз ҳолга келиб, нам жойларда яшовчи одамлар касаллана бошлаган. Ўзбекистон ўз маблағи ҳисобидан сувни тортиб кетувчи коллектор-дренаж тармоғини қуришга ваъда берган, бироқ буни ҳам бажармаган. Дарёга кўприк қурамиз дейишди, у ҳам қурилмади.

Бошқача қилиб айтганда, улар ўзларига фойдали бўлган ҳамма нарсани қилдилар ва биз учун фойдали ишга келганда бажармадилар. Энди ҳозир бераётган ваъдаларига ишонмаймиз. Ҳозир  шартнома лойиҳасида чегара 900-горизонтдан ўтади, лекин деморкация бўлмайди, тўсиқ қурилмайди, дейишмоқда. Аммо бу фақат вақтинчалик. Бу ерларни қонуний йўл билан ўзларига ўтказгандан сўнг— тўсиқ қуриладими  ёки йўқми ўзлари ҳал қилишади, биздан сўрамайдилар.

Лекин ҳукумат унинг ўрнига Қирғизистон Ўзбекистондан бошқа ерларни олади, деб айтмаяптими?

— Ҳа, 4 октябрь куни Садир Жапаров Ўзганда аҳоли билан ёпиқ эшиклар ортида учрашди. Кампиробод учун ўзбеклар бизга товон сифатида турли туманлардан – Олабуқа, Ахси,  Аравондан  ерларни беришди ва биз ҳам сув омбори беришимиз керак, деди. Ваҳоланки, ўзбеклар бизга жами 4126 гектар ер бериб, биздан эса 4482 гектарни олмоқда.

Қолаверса, улар берган ерлар —қимматли эмас, тошлоқ, аксарида сув йўқ. Уларда бонитет балли —тупроқ унумдорлиги —жуда паст. Бу ерда эса, Кампирободда ҳосилдорлик жуда юқори, бу ерда машҳур ўзган шолиси етиштирилади.

Кампиробод Ўзбекистонга берилса, Ўш-Бишкек йўли бўйидаги Жази дарёси атрофидаги шолизорлардан айрилишимиз мумкин. Сурат: Виктор Мухин/ Клооп

Кампиробод сув ҳавзасини қуриш учун ажратилган 5731 гектар ер Қирғизистон ССР Вазирлар Кенгашининг 1965 йил 22 октябрдаги 475-сонли қарори билан берилган. Бироқ, Ўзбекистон ССР чап қирғоғида Кампиробод канали ва коллектор-дренаж тармоғини қуриш бўйича ўз мажбуриятини бажара олмаганлиги сабабли ҚССР Вазирлар Совети [1975-йилда] №74 янги қарор қабул қилган – у ҚССРнинг Ўш вилоятидаги чегарасига сув омбори қуриш учун деган ерни қайтариб Қирғизистон ССРи билан Ўзбекистон  ССРнинг республика чегараси  ўзгаришсиз қолдирган.

Агар бундан ҳам эски ҳужжатларга мурожаат қиладиган бўлсак, СССР парчаланганидан кейин ундаги республикалар Олмаота ва Минск декларацияни қабул қилган. Ўшанда барча республикалар бир-бирининг суверенитети ва чегараларини тан олган эди. Бу декларация барча республикаларда ратификация қилинган ва юридик кучга эга. У ҳужжатлар Кампиробод бизнинг қирғиз ери ва унинг атрофида ҳеч қандай баҳс йўқлигини далиллайди.

- Сизнингча, бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

– Мана қаранг, Кампиробод сув омборининг сув тўлган ҳудудига уни тўлдирадиган учта дарё – Қуршоб, Қорадарё ва Жази киради. Қорадарё Ўзганга етиб боради. Ўзбекистонда эса ўзбек тилида рекламалар берилмоқда: улар сув омборида курорт зонаси қурмоқчи. Улар кўл, керак бўлса — «Кампиробод Денгиз» денгизимиз бор ва тез орада ажойиб масканда дам олишингиз учун шароит яратиб берамиз, дейишмоқда. Вазият жуда оғир – бу ерда қандай жанжал бўлиб кетиши номаълум.

Менинг тушунишимча, СССР парчаланганидан бери қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида Кампиробод сув омбори атрофида низо келиб чиқмаганми?

– Ҳеч қандай. Муаммо ҳам бўлмаган, ҳеч қандай баҳс-мунозара бўлмаган.

- Нима учун Ташиев Ўзбекистон билан шартнома имзолашга шошяпти ва эътирозларга қарамай ҳужжатни оммадан яширмоқда деб ўйлайсиз?

- Бу нарса менга ҳам тушунарсиз бўлмоқда. Ўтган йили халқ кўтарилиб, сув омборини беришни  тўхтатишни талаб қилишди. Кейин Ташиевнинг ўзи келиб, Қуршобдаги стадионга халқни йиғиб, уларни тинглади ва мен  чегара бўйича Давлат комиссиясининг раҳбари сифатида айтаман, Кампиробод Қирғизистонда қолади деган эди. Ҳукумат халқники ва сизлар қандай айтсангиз шундай бўлади деган. Аммо, афсуски, кейин нима бўлганини кўриб турибсизлар.

Муаллиф: Виктор Мухин