Раҳмон Путинни Марказий Осиёга собиқ СССР сифатида қарамасликка чақирди

261

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Россия президенти Владимир Путиндан Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан собиқ СССР каби сиёсат юритмасликни сўради. Бу ҳақда Раҳмоннинг «Марказий Осиё-Россия» саммитидаги нутқига таяниб, Қозоғистоннинг informburo нашри хабар берди.

Раҳмон Тожикистон ҳар доим ўзининг стратегик ҳамкори Россияни ҳурмат қилганини ва бунинг эвазига шунга яраша муносабат кутишини таъкидлади.

У Путиннинг Россиядаги тожикистонлик икки миллион муҳожир ҳақидаги сўзларини эслаб, тожикистонликлар Россияга нафақат пул топиш, балки ўқиш ва даволаниш учун ҳам кетаётганини таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари, у Тожикистон фуқаролари Россиядан транзит сифатида фойдаланишини қайд этди.

Раҳмоннинг фикрича, Россия озиқ-овқат соҳасида ҳамкорлик қилиб, савдони ривожлантирмоқда, лекин бунинг эвазига тенг муносабат билдирмайди.

Унинг таъкидлашича, Россия Тожикистонда вазирлар даражасида ўтказилиши керак бўлган форумга вазир ўринбосарларини юборган.

«Биз шундай қилармидик? […] Тўғри, биз кам халқмиз. Биз 100-200 миллион эмасмиз, лекин тарихимиз, маданиятимиз бор. Биз ҳам одаммиз. Бизни ҳурмат қилишларини хоҳлаймиз. Ҳеч нарса керак эмас, биз тиланчи эмасмиз, бизда бой давлатмиз. Менделеев тизимидагидан кўра фойдали қазилмаларнинг захиралари кўпроқ. Владимир Владимирович, мен сиздан Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан собиқ Совет Иттифоқига бўлгани каби сиёсат юритмасликни сўрайман», - деди у.

13-14 октябрь кунлари Остона шаҳрида «Марказий Осиё – Россия» саммити бўлиб ўтган. Унда Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия президентлари иштирок этган.