Қирғизистон жиноят оламида «Лимонти» лақаби билан машҳур Алмазбек Сулайманов 16 июн куни Қозоғистонда қўлга олинди. У 2008 йилда қалбаки ҳужжатлар орқали қамоқдан қочишга эришган.
Ички ишлар министрлиги маълумотларига кўра, «Лимонти»ни қўлга олиш учун Қозоғистонга Уюшган жиноятга қарши кураш бўлими бошқармаси ходимлари юборилган.
2008 йилдан буён ҳуқуқ тартибот органларидан қочиб юрган Сулайманов жорий йилнинг 16 июн куни Қозоғистоннинг Олмота вилояти Қорасой туманида қўлга олинган.
«Қўлга олинган Алмазбек Сулайманов «Лимонти» лақаби билан машҳур ва у аввал қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган», — деб ёзилади ИИМ сайтида.
Сулайманов айбланаётган жиноятларнинг оғирроғи 1997 йили Норин областидаги можаролар пайтида содир этилган.
Милициянинг хабар қилишича, бир неча кимса маҳаллий Имаш Шамиев ва Шадилбек Абсалиевни Норин дарёси бўйида қатл қилган.
«Ҳар иккала қурбонни жиноятчилар навбатдан пистолетдан отган ва ўлигини дарёга оқизган», — деб ёзилади ИИМ сайтида.
«Лимонти» шунингдек босқинчилик ва безорилик моддалари бўйича ҳам айбланган.
1999 йили Норин район суди Сулаймановни ўлим жазосига ҳукм қилган, бироқ бу пайтда мазкур жазога мараторий эълон қилинган эди.
2006 йилнинг июлида «Лимонти»га жазо 30 йиллик қамоққа ўзгартирилганди.
2008 йилнинг май ойида Аламедин туман суди Сулаймановни озод қилганди — «Лимонти» сил касалининг сўнгги даражаси билан оғриётгани ҳақида ҳужжат кўрсатган.
Терговга кўра, шифокорлар жиноятчининг касаллиги ҳақидаги справкани 75 долларга тайёрлаб беришган.
Кейинроқ шифокорлар жавобгарликка тортилган — улар берган справка бошқа маҳбус рентген суратларига асосланганлиги тасдиқланган.
Сулайманов Қирғизистон қамоғида яна 19 йил ва 10 ойни ўтказиши керак.