ИИМ «товламачи» милиционерларга қарши хизмат терговини бошлади

381

IMG_5374-1

Ички ишлар министрлиги тўрт милиционерни қўлга олди — улар бишкеклик шахс сумкасига наркотик моддаларни яширинча ташлаб, сўнг ундан пул ундуришга уринган. Чуй области Ички ишлар бош бошқармаси хизмат терговини олиб боряпти.

Жорий йилнинг июн ойи бошида Бишкек яшовчиси Ички ишлар министрлигига ўзини милиция ходими деб таништирган беш кимса ундан пул талаб қилаётганини билдириб мурожаат қилган.

ИИМ матбуот хизмати маълумотларига кўра, беш киши шикоятчини пойтахт кўчаларининг бирида тўхтатиб, ўзларини наркотижоратга қарши кураш бўлими ходимлари деб таништирган ва машина ичидаги сумкага наркотик моддаларини ташлаб қўйган.

«Жиноий жавобгарликка тортиш билан қўрқитиб, унинг 50 минг сом пулини тўнашган ва яна шунча пул беришини талаб қилиб, қўйиб юборишган», — деб ёзилади ИИМ сайтида.

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳодисадан сўнг ўзини милиция ходими деб таништирганларнинг бири шикоят билан мурожаат қилган кимсага қўнғироқ қилиб, қолган пулни беришни сўрай бошлаган.

«Товламачиларнинг» бири Бишкек яшовчисига шаҳарнинг 6 кичик районида учрашишни таклиф қилган. ИИМ хабарларига кўра, учрашувга пулни олиш учун бир қиз келиши керак бўлган.

Милиция пулни олиш учун келган қизни учрашув пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олган. У пул ундираётганларнинг бирининг синглиси бўлиб чиқан.

Оқибатда милиция жиноятга алоқадорларнинг барчасини қўлга олди. Улар ҳақиқатда милициянинг турли бўлимларида ишлаши аниқланди.

Бишкек шаҳар прокуратураси «хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш», «хизмат мавқеи доирасидан чиқиш» ҳамда «пора талаб қилиш» бандлари бўйича жиноий иш очди.

Қўлга олинган кимсалар Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш изоляторига киргизилган.