Бош прокуратура «Ата-Журт» лидерларига чиқарилган ҳукмни шикоят қилади

871

Tashiev

Қирғизистон Бош прокуратураси озодликка чиққан уч депутат Қамчибек Ташиев, Талант Мамитов ва Садир Жапаровларга оқлов ҳукми чиқарилганидан норози — прокуратура ҳакам қарорни мухолифат лидерларининг тарафдорлари босими остида чиқарганини ва бу қарорни Олий судда шикоят қилишини билдирди.

Бишкек шаҳар суди депутатларга ҳукмни 24 июнда чиқариши керак эди, бироқ 17 июн куни депутатлар тарафорлари Ташиев, Мамитов ва Жапаровни озод қилишни талаб қилиб ҳакамга газета ва пластик идишлар ирғитган.

Ҳакам ўша куннинг ўзида гумондорларнинг айбсиз экани ҳақида қарор чиқарганди — мазкур уч депутат 2012 йили ўтган митингда ҳокимиятни куч билан босиб олишда айбланганди.

Улар 17 июн куни маҳкама залидан озод этилганди.

Ҳакам ўз қарорини депутатларга қарши олға сурилаётган айбловларнинг асоссизлиги билан изоҳлаган.

Бош прокуратурага кўра, ҳакам қарори босим остида чиқарилган.

«Ушбу оқлов ҳукми Бишкек шаҳар суд залидаги кимсаларнинг босими остида чиқарилди. Ҳукм тергов жиноят иши бўйича йиққан далилларга қарама қарши келади», — деб ёзилади прокуратура сайтида.

Ҳакам жиноятда гумонланаётганларнинг барчасини айби исботланмаган, деб топди. Бу қарордан машинасида ов қуроли топилган Ташиев ёрдамчиси мустасно. У қуролни ноқонуний равишда сақлагани учун жарима тўлаши керак.

«Ата-Журт» партияси лидерлари «Ҳокимиятни куч билан босиб олиш» ва «Қомусий тузумни ўзгартиришга даъват қилиш» бандлари бўйича айбланаётган эди.

Аввалроқ Биринчи май туман суди ҳар уччала депутатни «ҳокимиятни куч билан босиб олиш»да айбдор деб топганди.

Депутатларнинг барчасига Қирғизистон жиноят кодексининг 295 моддаси бўйича жазо берилганди. Мазкур моддага мувофиқ, бу жиноятга қўл урганлар 12 йилдан 20 йилгача қамалиши керак, бироқ Ташиев ва Жапаров бир ярим йилга, Талант Мамитов бир йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Депутатларга қўйилган қолган айбловлар маҳкама тарафидан асосли деб топилмаганди ва улардан бу айбловлар олиб ташланганди.

Даставвал депутатлар Қирғизистон жиноят кодексининг 297 моддаси, конституциявий тузумни ағдаришга даъват қилиш бўйича ҳам айблангандилар.

Ҳар учала депутат 2012 йилнинг 3 октябрида парламент биноси олдида ўтказган митингдан сўнг қўлга олинган эди — маҳкамага кўра, «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида ўтказилган митингда улар ҳукуматни босиб олишга уринишган.

Депутатларнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторида олти ойни ўтказгани ҳисобга олиниб, ўтказилган ҳар бир кун икки кун ҳисобида саналганди.

Бунга мувофиқ, Ташиев ва Жапаров қамоқда яна ярим йилни ўтказиши керак эди, депутат Мамитов эса 10 кундан кейин озодликка чиқиши мумкинлиги маҳкамада билдирилганди.

Маҳкама давлат айблови талаб қилган — 9 йилдан 10 йилгача кучайтирилган режимдаги қамоқ жазосига нисбатан суд ҳукмининг анча енгил чиққанига қармай, айбланган депутатлар ҳакам қароридан норози эканини яширишмаганди.

Депутатлардан ташқари бир йиллик қамоққа Ташиев икки тан соқчиси, ҳайдовчиси ҳамда ёрдамчиси ҳукм қилинганди. Уларнинг барчаси депутат Мамитовдек бу муддатни СИЗОда ўтказиб бўлган.

“Ата-Журт” раҳнамолари 3 октябрда Бишкек марказий майдонида “Кумтор” олтин конини миллийлаштириш борасида ўтказилган митингдан кейин қўлга олинган эди.

Kloop.kg мухбирлари баҳосига кўра, намойишда мингга яқин одам иштирок этган.

Норозилик акцияси вақтида митинг қатнашчиларининг бир қисми мухолифатчилар билан бирга ҳокимият биноси атрофидаги деворлардан ошиб ўтишган ва ичкарига киришга уринган, бироқ улар қўриқчилар ҳамда милиция тарафидан сиқиб чиқарилган.