14-октябрда Бишкек шаҳрида сўз эркинлигини ва мустақил ОАВларни ҳимоя қилган акция ўтди. Унга фаоллар, журналистлар ва бефарқ бўлмаган кишилар қатнашди.
Юришга чиққанлар темир йўл вокзалидан марказий майдонга қараб юришди. Улар йўл бўйи «Сўзга эркинлик керак», «Эркин Қирғизистон» деган шиорларни айтиб, «Надира Нарматова мандатингни топшир», «Тил кесиш йўқ» деган плакатларни ушлаб туришди.
Юришга чиққан фаол Рита Карасартова «ҳозирги замонда кимдир бировнинг оғзини ёпиш мумкин эмас» деб огоҳлантирди.
«Ҳозирги ҳукумат тарихдан сабоқ олмабди. Бироқ давр, имкониятлар олдинга силжимоқда. Бугунги кунда бировнинг оғзини ёпиш мумкин эмас. Бир ердан ёпса, бошқа ердан имкон пайдо бўлади. Биз Қирғизистонда 6 миллион блогермиз. Ҳаммамиз телефонимизни олиб ёзаверамиз», — деди у.
Суриштирувчи журналист Али Токтакунов эса айни пайтда кучли журналистларни ва медиаларни йўқ қилиш ҳаракати бўлаётганини айтиб, жамиятни бунга йўл қўймасликка чақирди.
«Биз бу кабига умуман йўл қўймаслигимиз керак. Бировнинг пешонасига чертмаслигимиз лозим. Агар шундай бўладиган бўлса, ҳаммамизни бирма-бир қўлга олиб, йўқотади. Бугун эркин оммавий ахборот воситалари оддий халқнинг таянчига айланди. Эркин медиадан бошқа жойда халқ овози чиқмади. Расмийлар уларнинг овозига қулоқ солмай қўйган. Шунинг учун биз эркин ОАВни қадрлашимиз керак», — деди Токтакунов.
Фаол Атай Бейшенбек эса «бунгача уч медиа ёпилсин деб чиққанларнинг қонунга қарши келган чақириқларига ҳукумат чора кўрмагани савол пайдо қилади» дея таъкидлади.
«Ҳар бир ноқонуний чақириққа, ҳар бир ноқонуний қадамга жавоб берадиган вазият келади», — деб огоҳлантирди у.
Тўпланганлар бир овоздан сўз эркинлигига босимни тўхтатишни, эркин медиаларни қўллаб-қувватлашни талаб қилишди.
Эркин ОАВларга қарши митинг
13-октябрда 30га яқин одам «Азаттык», «Клооп» ва Kaktus Media нашрларини ёпилишини талаб қилиб, «Азаттык»нинг Бишкекдаги биноси олдига тўпланган.
Норози бўлган гуруҳ « “Азаттык”, “Клооп”, “Кактус” кетсин», « “Азаттык” — халқ душмани», «Нодавлат ташкилотларга йўл йўқ» деган ёзувли қоғозларни кўтариб туришган. Шунингдек улар депутатлардан «чет эллик агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилишни талаб қилишган.
Акция ташкилотчиси Илимбек Исраилов агар «чет эллик агент» тўғрисидаги қонун қабул қилинмаса, «Азаттык» биносини «тошбўрон қилиб, бензин сочиб, ёқиб юбораман» деб огоҳлантирган.
«Сотқин, булар яхшилик қилмайди. [...] Kaktus Media — Россиянинг етим югурдаги, “Клооп” билан “Азаттык” — Американинг етим югурдаги. Булар Қирғизистонда умуман ёритилмасин. Нодавлат ташкилотлар низомидан чиқиб, бизнинг сиёсатга аралашмоқда», — деди у.
Аввалроқ 12-августда депутат Дастан Бекешев ҳамкасби Надира Нарматова «Клооп», «Азаттык» ва Kaktus Media нашрларини ёптириш бўйича депутатлардан имзо тўплаётганини айтган. Надира Нарматова Бекешев баёнотини «ёлғон» деб таъкидлаб, исботлаб беришини талаб қилган.
Нарматова ҳам бунгача парламентда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни қабул қилишни таклиф қилган.