Элчихона Россиядаги урушга чақирилган Қирғизистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни таклиф қилди

230

Россияда қирғизистонлик шахс «қисман сафарбарлик» туфайли урушга чақирилди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёровга кўра, ҳудудий терговчи Қирғизистон фуқаросини калтаклаб, агар чақирув қоғозига имзо чекмаса, қамаб юбориш билан таҳдид қилган.

Сурат: Каримжон Ёровнинг Фейсбугидан

Россия қонунларига кўра, хорижий давлатларнинг фуқаролари ҳарбий хизматга (муқобил фуқаролик хизмати) таклиф қилинмайди. Бундан ташқари, бошқа давлатлардаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган Қирғизистон фуқаролари 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши, шунингдек, барча мулкларидан маҳрум этилиши мумкин.

«Қирғизистон фуқароси Россия Жиноят кодексининг 291-моддаси (Пора бериш) бўйича айбдор деб топилиб, шартли жазо олган. Жазо муддати 2023 йил май ойида тугайди. Ҳудудий терговчи  бу одамни калтаклаб, агар чақирув қоғозига қўл қўймаса, қамоққа олишга ваъда берган», — деб ёзди Ёров.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси воқеа юзасидан «Клооп»га изоҳ берди.

«Қайд этилган фуқарони ҳуқуқий ёрдам олиш учун Россиядаги Қирғизистоннинг элчихонасига зудлик билан мурожаат қилишни таклиф қиламиз”, — дейилади муассасадан.

Бир кун аввал элчихона Қирғизистон фуқаролари хорижий давлатда ҳарбий хизматга чақирилмаслиги ҳақида огоҳлантирган эди.

«Россия Федерациясида вақтинча яшаётган Қирғизистон фуқаролари нотўғри чақирув қоғози олган тақдирда, элчихона Россия билан биргаликда вазиятни ҳал қилишда ёрдам беради», — дейилади элчихона хабарида.

Аввалроқ ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари Москвадаги «Сахарово»  миграция марказида ҳарбий хизматни ўташ учун шартномага алдаб  имзо қўйдиришмоқда деган.

«[Мигрантларга] 30 бетлик ҳужжатлар тўплами бериб, ўртада эса шартнома [ҳарбий хизмат] ҳақида бир саҳифалик келишув солиб қўйишмоқда. Мигрантлар алдашмоқда, босим ўтказишмоқда, улар бошқа ҳужжатлар қаторида шахсий маълумотларини  ишлатишга розилик бериш, ихтиёрий тиббий суғурта полиси ва ихтиёрий ҳарбий хизматни ўташ шартномасини имзолашмоқда. Ҳатто рус тилини биладиганлар ҳам шундай қилишяпти», — дейди Чупик.

Шунингдек, у Россия ҳукуматининг ҳарбий хизматга келган мигрантларга фуқаролик соддалаштирилган тартибда берилиши ҳақидаги ваъдасини «катта ёлғон» деб атади. Унинг сўзларига кўра, муҳожирлар «аҳмоқ бўлмаслиги» керак, чунки уларнинг аксарияти Россия армиясига қўшилишдан бош тортмоқда.

20-сентябрь куни Москва мэри Сергей Собянин «Сахарово» миграция марказида «Хорижий фуқароларни ҳарбий хизматга қабул қилишга кўмаклашувчи Россия  Мудофаа вазирлигининг тўлиқ инфратузилмаси» очилганини маълум қилган.

Бу Давлат думаси бир йил шартнома асосида Россия армиясида хизмат қилган хорижликларнинг Россия фуқаролигини қабул қилиш тартибини соддалаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилганидан кейин содир бўлди. Бундай ҳолда, кўрсатилган қонунга мувофиқ, яшаш учун рухсатнома ҳужжати талаб қилинмайди.

21 сентябрь куни Россияда Украина билан жанг қилаётган бўлинмалар шахсий таркибини тўлдириш учун «қисман сафарбарлик»эълон қилинди. Ҳукумат қисман сафарбарликка захирадаги 300 мингга яқин киши чақирилишини маълум қилди. Бироқ, Meduza нашрининг ёзишича, Россия 1,2 миллион кишини сафарбар қилмоқчи. Бироқ, Россия ҳукумати бу режани рад этди.