«Ҳукумат вакилларини масхара қилган». Кампирободнинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан фаол Каникей Аранова ҳибсга олинди.

257

Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан фаол Каникей Аранова ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Клооп»га Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Милиция маълумотларига кўра, Аранова Қуршаб қишлоғи аҳолиси ва ҳукумат вакилларининг «шахсий обрў-эътиборини ҳақорат қилгани» учун қўлга олинган.

«Ўзган тумани Қоратош қишлоқ ҳудудининг  35 ёшли турғуни Аранова Қуршаб қишлоғи аҳолиси ва ўз хизмат вазифаларини бажараётган мутасаддиларни масхара қилиб, шахсий обрў-эътиборини камситган сўзларни айтгани  учун “Кичик безорилик” моддаси бўйича баённома тузилди. Ҳозирда у Ўзган туман судига олиб борилиб, суд жараёни давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ фаол  Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишига қарши постлар, видео мурожаатларни тайёрлаб  чиққан эди.

У охирги марта 12-октябрь куни видеомурожаат қилиб,  ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг туғилиб ўсган қишлоғига бориб, қариндошларини огоҳлантиргани ҳақида айтган.

«Менинг Кампирободда гапирган гапим, кўчада юрганим ҳақидаги видеоларимни кесиб, тайёрлаб  қариндошларимга кўрсатишибди. Улар қариндошларимга “10 йилгача қамалиши мумкин, тийиб қўйинглар”, деб таҳдид қилишган. Менинг етти отамгача суриштиришибди. Мен Кампиробод масаласини тилга олганим учун шунчаликка борганингиз жуда уят!» — деган у.

Фаол 10 октябрь куни Ўзган тумани маъмурияти  қошидаги Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши ўтказилган митингда ҳам иштирок этган.

Унда Аранова МХДҚ раиси Камчибек Ташиев халқ овозига қулоқ солмай, ёпиқ йиғилиш ўтказгани учун танқид қилган.

«Биз ҳозир кўряпмизки, депутатларга босим ўтказиб: [йиғилишга]  телефонлари ўчирилган ҳолда киритиб, журналистларни ҳам киритмай кўриб чиқамиз деб, халқ сайлаган халқ вакилларига тазйиқ ўтказишяпти. Ташиевнинг ўзи бориб  бундай босим ўтказаётганидан халқ  норози бўлмоқда», — деган Аранова.

У Ташиевнинг халқ билан гаплашмай, очиқ йиғилиш ўтказмаганини  «ўз халқига хиёнат» деб, ҳокимиятдан халқ овозига қулоқ тутишни, талабларини бажаришни талаб қилган.

«Биз ҳукуматни босиб олайлик, тўсиқдан сакраб  шимимизни йиртиш ниятимиз йўқ. Виждонимиз ва шимимиз бутун умрга бузилмаган ҳолда қолади. Биз - қонунга бўйсунадиган одамлармиз. Биз ўзимизнинг еримизда  тўполон қилиш ниятимиз йўқ», — дея таъкидлаган у.

Кампиробод сув омбори бўйича баҳслар

Қирғиз-Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Шундан 1170 км ёки 85% аниқланган. Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида тўққизта баҳсли ҳудуд мавжуд. Ана шундай ҳудудлардан бири – Кампиробод сув омбори бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ўш вилоятининг Қорасув ва Ўзган туманларида Ўзбекистон билан чегарада жойлашган.

Икки давлатнинг Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича  ҳукумат делегацияси 2022-йил 26-сентябрь куни мамлакатлар ўртасидаги чегаранинг алоҳида участкалари бўйича лойиҳаларни келишиш тартиб-таомилларини бошлаш имконини берувчи протоколни имзолаган.

МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Кампиробод сув омбори Ўзбекистонга қолганини билдирган. Шу билан бирга, у омборни экки давлат тенг  50/50 фойдаланади деб ишонтирган.

Шундай қилиб, Ташиевнинг айтишича, Ўзбекистонга Кампиробод сув омборининг  — 4 485 га ҳудуди, шунингдек плотинаси қолади. МХДҚ етакчисининг айтишича, унинг ўрнига чегарадаги туманлардаги бир неча баҳсли ҳудудлардаги 19 минг 699 гектар ер Қирғизистонга ўтади.

Қўмитанинг 10-октябрдаги йиғини Ўзганда ҳам, Бишкекда ҳам норозилик митинглари фонида ўтди. Ўзган туманидаги норози аҳоли агар сув омбори Ўзбекистонга ўтадиган бўлса «жиддий чораларга боришга тайёрмиз» деб айтишди.