Жорий йилнинг сентябрь ойида Россияда миграция қонунчилигини бузгани учун қўлга олинган 19 нафар Қирғизистон фуқароси қамоқдан озод этилган, мамлакатдан депортация қилиш ҳақидаги иккита суднинг қарори бекор қилинган. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, матбуот хизмати Россия ҳудудида ҳалок бўлган 21 нафар Қирғизистон фуқаросининг жасади ўз ватанларига жўнатилганини қайд этди. Бундан ташқари, ўтган ой элчихона кўмагида қирғизистонлик муҳожирларнинг аризасидан сўнг 7 миллион 757 минг 150 рубл иш ҳақи ундирилди.
«Элчихона 83 нафар Қирғизистон фуқаросининг ҳар бири билан шахсий мулоқот ўтказди. Ишонч телефонлари ва ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилган 9910 нафар фуқарога маслаҳатлар берилди, дипломатик ваколатхона сайтида 19 та маълумот берувчи хабар эълон қилинди», — дея қўшимча қилди элчихонадан.
Август ойида Россия ҳудудида турли шароитларда ҳалок бўлган 31 нафар Қирғизистон фуқаросининг жасади мамлакатга олиб келинди, 29 нафар Қирғизистон фуқароси эса қамоқдан озод этилди.
Шунингдек, дипломатик муассаса кўмагида қирғизистонлик муҳожирларнинг 2 миллион 947 минг 725 рубл маоши тўланган.
Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йилга келиб Россияга жами 1 миллион 639 минг 28 нафар Қирғизистон фуқароси кириб келган. Уларнинг 884 минг 133 нафари ишга жойлашиш мақсадида келган.