Беларус ҳукумати Қурманбек Бакиевни «сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинмоқда» деб ҳисоблагани учун Қирғизистонга ўтказиб бермаяпти. Бу ҳақда Бош прокуратурадан AKIpress нашрига билдиришди.
Маълумотга кўра, Беларуснинг Олий суди Бакиевга Бишкекда чиқарилган ҳукмни ижро этишдан ва уни қайтариб беришдан бош тортган. Бу маълумотни «Клопп»нинг журналистига прокуратуранинг матбуот хизмати тасдиқлади.
Муассасадан таъкидланишича, сургундаги президентга нисбатан учта жиноий иш қўзғатилган. Бу ишларни умумлаштирганда суд Бакиевни 30 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳукмини чиқарган.
Бош прокуратура Бакиевни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича жами тўртта сўров юборганини билдирди.
Бакиевнинг тахтдан қулатилиши
Қурманбек Бакиев 2005-йил март инқилобида ўша вақтдаги президент Ақар Ақаев тахтдан қулатилгандан кейин ҳокимиятга келган.
Бакиев бошқариб турган давр сиёсий асосда одам ўлдириш, ўғли Максимнинг рейдерлик иши, авторитаризм, журналистларни қўрқитиш ва ўлдиришлар билан маълум.
2010-йилнинг 7-апрелида 87 киши ҳалок бўлган халқ революциясининг натижасида Бакиев тахтдан қулатилган. Унинг ўрнига ҳокимиятга Роза Отунбаева бош бўлган муваққат ҳукумат келган. Бакиев эса оиласи билан Белорусияга қочиб, ҳозиргача ўша ерда яшаб, фуқаролик олган.
2016-йили суд қочқин президент Қурманбек Бакиевни апрель инқилоби бўйича сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум қилиб, қидирув эълон қилган. Укаси Жаниш Бакиев сиртдан умрбод озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўғли Максим мулкини мусодара қилиш билан сиртдан шундай муддатга кесилган.
Қирғизистон ўн йилдан бери собиқ президентни ва унинг оиласини экстрадициялаш ҳаракатини қилиб келади, аммо ҳозирча бундан натида чиққани йўқ.
«Бош прокуратура бир неча бор хат жўнатган. Аммо мазкур давлат бош тортганидан, уларни мамлакатга қайтариш ҳозирча мумкин бўлмаяпти», — деган 2022-йилнинг 6-апрелида бош прокурор Курманкул Зулушев.