Президент Садир Жапаров Мудофаа вазири Бактибек Бекболотовга қаттиқ танбеҳ берди. Бу ҳақда 19-августда президентнинг матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, Бекболотовга хайфсан «юкланган вазифаларини тегишли турда бажармагани учун» берилган. Айнан камчиликларга йўл қўйилгани эса айтилгани йўқ.
Аскарларнинг ўлими
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қирғизистон армиясида инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинмагани, у ерда ҳамон жанжал ва зўравонлик авж олаётганини қайд этади. Қолаверса, аскарлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам тез-тез учраб туради.
«Қилим шами» инсон ҳуқуқи ташкилоти раҳбари Гулшайир Абдирасулованинг фикрича, ёпиқ муассасаларда фуқаролик ва ота-оналар назорати кучайтирилсагина армиядаги ўлим даражаси камаяди. У давлат ҳар бир ҳарбий хизматчи учун масъул эканини таъкидлайди.
“Озодлик”нинг қирғиз хизматининг маълумотига кўра, 2019-йилда 13 нафар ҳарбий хизматчининг ўлими ўз жонига қасд қилиш деб аталган бўлса, 2018-йилда 17 нафар ҳарбий хизматчи ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган. Аммо қурбонларнинг яқинлари деярли барча ҳолатларда улар ўз жонига қасд қилишлари мумкин эмаслигини айтишган.
Бундай шов-шувли ҳолат охирги марта июль ойининг охирида Молдовановка қишлоғида 27-сонли ахлоқ тузатиш муассасасида содир бўлган. Ўша вақтда аскар Калис Абдикабиловнинг ўлими ҳақида маълум бўлган. Маълумотга кўра, аскар ўзини ўзи отган. Аммо марҳумнинг яқинлари ўз жонига қасд қилиш бўйича версияга ишонмайди.
17-августда эса Ўш шаҳридаги Ички ишлар вазирлигининг 703-ҳарбий қисмда хизмат ўтаган ҳарбий вафот этган. Воқеа бўлган куни эрта билан текшириб-ўтказиш пунктида турган аскар «йиқилиб тушиб», шу бўйи турмай қолгани айтилган.
Суд-тиббий экспертизанинг етакчиси Қиличбек Насировнинг айтишича, марҳумнинг танасида зўравонлик белгилари бўлмаган. Аскар юрак касаллигидан вафот этгани ва тўлиқ тадқиқнинг натижаси бир ойнинг ичида чиқиши хабар қилинган.
Июль оийда эса Қўйтош қишлоғидаги ҳарбий қисмнинг бир аскари ўқдан вафот этган. Мудофаа вазирлиги ҳарбий қурол қўлланишдаги эҳтиётсизлик натижасида тасодифан ўқ чиқариб олганини айтган.
Ўша ойда Фавқулодда вазиятлар вазирлигида муддатли хизмат ўтаётган аскар Бекзат Эсенбеков қаттиқ калтакланиб, касалхонага тушган. Аскарнинг онаси ўғли ҳарбий қисмда пул сабаб калтакланганини билдирган.
Биринчи май туман суди 8-августда Эсенбековнинг қаттиқ калтакланиши бўйича жиноят ишини тўхтатган. Суднинг маълумотига кўра, томонлар ярашган.
Омбудсман Атир Абдрахматованинг ташаббуси билан ҳарбий хизматини ўташда инсон ҳақларининг сақланиши бўйича муассасалар аро ишчи гуруҳ тузилган.
Ишчи гуруҳ охирги 5 йил ичида қайд этилган аскарларнинг злими, ўз жонига қасд қилиш, калтакланиши бўйича фактларни тўплаб, тадқиқ ўтказади.