Жалолобод: Намойишчилар Бишкек-Ўш йўлини очди

1015

20130605_115204

Митингчилар 1 июн куни махсус хизмат тарафидан қўлга олинган ўз етакчиси Медер Усенов билан учрашгандан сўнг Бишкек-Ўш йўлини очди.

«Ата-Журт» партиясининг 200га яқин тарафдорлари Жалолобод областининг Сузоқ районидан ўтувчи Бишкек-Ўш йўлини тўрт кун давомида тўсиб келганди. Намойишчилар ўз бошчиси Медер Усеновнинг бўшатилишини талаб қилаётган эдилар.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 4 июн куни Медер Усеновни жалолободлик яшовчилар кафиллиги остида озод қилди.

Митинг ташкилотчиларидан бири Асан Шакиров Kloop.kg билан суҳбатда намойишчиларнинг йўлни очганини тасдиқлади.

«Усеновнинг келиши билан биз дарров йўлни очдик. Област маъмурияти биносини ҳам яқин вақтнинг ичида очамиз», — деди у.

Унинг сўзларини Твиттер ижтимоий тармоғида «Азаттык» журналисти Азамат Тинаев ҳам тасдиқлади.

Тинаевнинг ёзишича, намойишчилар қамоқда сақланаётган лидерлари бўшатилмаса, йўлни қайта ёпишларини билдирмоқда.

Бироқ Шакиров бу маълумотни тасдиқламади.

У ҳозирда Усенов билан бирга Жалолобод област маъмурияти биносига йўл олганини айтди.

Мазкур бино намойишчилар тарафидан 31 май куни босиб олинган эди.

Махсус хизмат вакиллари Усеновни 2 июн куни қўлга олганди. У «Ҳокимиятни куч билан босиб олиш» ҳамда «Конституциявий тузумни ўзгартиришга ошкора чақириш» моддалари бўйича айбланяпти.

2 июн куни жалолободлик намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг маҳаллий биносини босиб олишга уринди, бироқ улар ҳаракатлари бензин қуйилган шиша идишларини бино тарафига ирғитиш билан чекланди.

Бир неча дақиқага чўзилган ҳужумдан сўнг намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кириш ҳаракатини тўхтатиб, област маъмурияти биносига қайтди. Мазкур бино мухолафат тарафидан 31 май куни босиб олинган ва ҳанузгача улар ихтиёрида қолиб келмоқда.

Жалолободдаги митингларга Иссиқкўл областида «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида ўтказилган митинг сабаб бўлди. Мазкур коннинг етмиш фоизига Канаданинг «Центерра Голд» компанияси эгалик қилади.

Иссиқкўлдаги намойишчилар конга олиб борувчи ягона йўлни бир неча кун давомида тўсиб, кон фаолиятини тўхтатишга ҳам мажбур қилган эди.

30 май куни кечқурун митингчилар «Кумтор» конига электр энергиясини етказиб берувчи электр станциясини босиб олиб, конни электр тармоғидан узганди.

Иссиқкўллик намойишчилар ҳам «Кумтор» олтин конини миллийлаштиришни ва унинг фойдасидан кўпроқ қисми Иссиқкўл областига ажратилишини талаб қилганди.

Иссиқкўл областига борган ҳукумат бошчиси Жанторо Сатибалдиев митингчилар билан сўзлашувлар олиб борди ва оқибатда улар норозиклик акциясини тўхтатиб корхона қайта ишга тушди.

Сатибалдиев намойишчиларга «Кумтор» бошқариш тизимида ўзгартиришлар киритилишини айтиб, яқин кунларда қилоятга 120 миллион доллар сармоя жалб қилинишини ваъда қилди.

Бироқ бу Жалолободдаги митингларга ўз таъсирини кўрсатмади. У ердаги норозилик намойиши Иссиқкўлдаги  митингчилар тарқагандан сўнг янада шиддатлироқ тус олди.