Ички ишлар министрлигининг Ўш шаҳри ва Ўш области бош бошқармалиги ташаббуси билан "Ризқ, Дўстлик, Ҳамжиҳатлик" деб номланган тадбир ўтказилди. Йиғинга шаҳарнинг турли миллат вакиллари, оқсоқоллар, шаҳар фахрийлари ва фаоллар қатнашди.
Тадбир давомида турли миллатларнинг қўшиклари янграб, рақслари ижро этилди. Тадбирга ташриф буюрган инсонларнинг таъкидлашича, миллатлар аро ҳамжиҳатлик ҳамда дўстликни мустаҳкамлаш учун, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамда миллатчиликни йўқотиш керак.
"Биз узоқ вақтлардан буён бир-биримизга қардош халқмиз. Бизнинг ота-боболаримиз бир-бирларига илиқ муносабатда бўлиб, бир ариқдан сув ичган ва ҳаттоки бозори, ҳам мозори ҳам бир бўлган. Биз ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашимиз лозим", – дейди шаҳар оқсоқолларидан бири Бўрибой Жўраев.
Уч соатга чўзилган тадбир давомида кўпчилик сўзга чиққан меҳмонлар охирги вақтдаги жамиятимиздаги бўлаётган воқеалар айрим бир шахслар тарафидан атайин уюштирилаётганини айтиб ўтишди.
"Бизнинг дўстлигимиз, тинчлигимизни кўра олмаётганлар ўртамизга нифоқ уруғларини сочишга ҳаракат қилаётган инсонлар бор. Биз турли хил миш-мишларга эътибор бермай, дўстлигимизни сақлашимиз даркор. Бундай хабарларни тарқаётган кишиларни тўхташишга бизнинг кучларимиз етарли" , - дея ўз фикрини баён қилди ИИМ Ўш шаҳри ва Ўш вилояти бўйича Бош Бошқармаликнинг бошлиғи Суюн Омурзаков.
"Шаҳримизда турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Турли маросимлар, урф одатлар бор. Биз бир-биримизни қадрлашимиз, ҳурмат қилишимиз керак. Фарзандларимизга, келажак авлодга тинч, осойишта шаҳарни, ёруғ осмонни қолдиришимиз шарт. Биз бунга мажбурмиз", - давом этди Омурзақов.
Тадбир ташабусскорлари меҳмонлар учун тўкин дастурхон ёзишди. Тўкин дастурхон атрофида бирга ўтирган турли миллат вакиллари тадбир ўз вақтида уюштирилганлигини айтишди.
"Мен узоқ йиллар давомида Ўш шаҳрида яшайман. Катта катта лавозимларда ишладим. Мен билан бирга турли миллат вакиллари ишларди. Лекин ҳеч қайсимиз, миллатинг ким, қайси уруғдансан деб сўраган эмасмиз. Биз яхши ишласак, янгилик киритсак деб ҳаракат қилардик. Партияларга бўлинмас эдик. Митинг нималигини билмас эдик", – деб яқин ўтмишни эслади А. Акинбаев
Дастурхон атрофида ўтирганлар 2010 йилда кўз юмган ўшликлар рухига Куръон тиловат қилишди. Бундай воқеалар бошқа такрорланмаслиги кераклигини айтиб ўтишди.
Миллатлар аро муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида уюштирилган тадбирга “Интимоқ” телерадиокомпанияси ахборот ва техник ёрдамини кўрсатди.
Муаллиф: Эркин Саидхосилов ва Ахкад Артиков
Муҳаррир: Хулькар Исомова