6 июлда Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманига қарашли Қизил-Туу қишлоғининг 100 нафарга яқин аҳолиси қишлоқдаги тупроқ карьерини қазишни тўхтатишни талаб қилиб норозилик намойишига чиқишди.
Йиғилганлар карьердан қазилган тупроқни ташиб кетаётган «КамАЗ»ларнинг йўлини тўсиб қўйди. Улар билан қазувчи компания эгаси ва маҳаллий ҳукумат вакиллари учрашди.
Қизил-Туу қишлоқ ҳудуди бошлиғи Майсалбек Омурзаков «Азаттык»қа берган интервьюсида, акциядан кейин қазиш ишлари тўхтатилганини айтди. Унинг таъкидлашича, тупроқ карьери кўп йилдан буён талаш бўлмоқда.
«Тадбиркор бу жойни ер эгаларининг рухсати билан олиб, тупроғини қазиётганини айтган.У 2017 йили лицензия олган. Карьер бўйича бир қанча йилдан буён баҳс бўлмоқда. Тадбиркор ҳужжатларни тўлиқ битирмаган. Энди ҳамма ҳужжатларини бизга олиб келгунича ишни тўхтатиб турамиз», — деди у.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, яшовчилар бунгача ер участкаларини хусусий тадбиркорга тупроғини олиб, текислаб бериш шарти билан беришган. Аммо улар шартноманинг муддатини белгилашмаган. Тадбиркор ваъда қилганидай аҳолининг ер участкаларини текислаб бермаган
Азаттиқ карьерни қазиган тадбиркор Бактияр Шерматов эканини, бунгача шаҳар кенгаши депутати бўлганини ёзди. Шерматов 2020 йили парламент сайловида Матраимовлар кланига қарашли дейилган «Мекеним Қирғизистон» партиясидан Жогорку Кенеш депутатлигига номзодини қўйган.