«Дордой» бозорида чиққан ёнғиндан 42 контейнер ва тўққиз савдо расталари яроқсиз ҳолга келган

195

5-июлда Бишкекдаги «Дордой» бозорида чиққан ёнғин 42 контейнер, тўққизта савдо растасини яроқсиз ҳолга солди. Бу ҳақда 6-июлда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот хизмати билдирди.

Сурат: ФВВ матбуот хизмати.

ФВВ маълумотига кўра, «хитой қатори» деб номланган қатордаги умумий майдони 1000 квадрат метрни ташкил қилган металлдан қурилган савдо расталари ёнган. Бундан ташқари, тез тайёр бўлувчи таомлар ошхонаси, шаурма ва ичимлик сувларини сотувчи тўққизта савдо жойлари ёниб кетган.

Ҳодиса оқибатида уч нафар киши тутундан заҳарланиб, Бишкек шаҳар №4 касалхонага олиб борилган. Жабрланганлардан бири ФВВ ходими.

Бозордаги тез тайёр бўлувчи таомлар ошхонасидан бошланган ёнғин кейин кийим-кечак сотилган ҳудудга ёйилган. Тилсиз ёвни ўчиришга 60 қутқарувчидан иборат еттита бўлим жалб қилинган.

Ўша куни баъзи тадбиркорлар бозор маъмуриятига барча тўловларни тўлаганини, расталар суғурталанганини айтиб харажатларни изга қўйишда ёрдам сўраб намойиш ўтказган.