Иссиқкўл вилоятининг Жети-Огуз туманига қарашли Саруу қишлоғида мактаб директорининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарини 19 июнда калтаклаб кетишган.
Иссиқкўл вилоят ИИБнинг матбуот хизмати бошлиғи Сталбек Усубакунов билдирганидай, жиноятда 10-синф ўқувчилари гумонланиб қўлга олинди.
Маълумотга кўра, Жети-Огуз туман касалхонасининг шифокори милицияга танасида оғир жароҳат олган шахс тез ёрдам билан шифохонага олиб келинганини хабар қилган.
Касалхонага борган милициянинг тезкор тергов гуруҳига 25 ёшдаги жабрланувчи уни калтаклаб кетган ўқувчиларга чора кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилган.
Воқеа Жети-Огуз туман милициясида қайд қилиниб, «Безорилик» моддаси билан жиноят иши қўзғалди. Жабрланувчи туман шифохонасининг хирургия бўлимига ётқизилиб, суд-тиббий экспертиза тайинланди.
Жети-Огуз туман ИИБнинг ходимлари гумондор сифатида Саруу қишлоғидаги мактабнинг 17 ёшдаги беш нафар ўқувчисини қўлга олди. Ҳозирда улар сўроқ бермоқда.
Ўқувчи билан ўқитувчи низоси
Қирғизистонда ўқитувчилар билан ўқувчилар ўртасида жанжаллар тез-тез содир бўлиб туради. Сўнги марта бундай воқеа 23 майда Сузоқ туманида бўлган. Унда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани аниқланган.
Воқеа видеоси ижтимоий тармоқларга тарқаб кетган. Шундан кейин милиция билан Таълим вазирлиги текширув ишларини бошлаган.
Бу борада таълим вазири Алмазбек Бейшеналиев ҳам ўз фикрини билдирган. У ўқитувчининг ҳаракати нотўғри бўлганини, аммо болаларнинг тарбиясида ҳам муаммо борлигини айтган. Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов ҳам фикр билдириб, ўқитувчи билан ўқувчи ўртасидаги келишмовчиликни болани мактабдан чиқариш орқали ҳал қилса бўлишини билдирган.
Воқеадан кейин Жогорку Кенешнинг уч нафар депутати Ҳуқуқ бузишлар кодексига ўзгартириш киритиб, ўқитувчини ҳақорат қилган ўқувчига ва уларнинг ота-оналарига жарима солишни таклиф қилган. Мазкур қонун лойиҳаси парламентнинг ижтимоий сиёсат қўмитасининг 30 майдаги йиғилишида биринчи ўқишда маъқулланиб, қабул қилинган.
Ташаббускорлар ҳужжат “ педагогларга нисбатан устидан мазах қилиш, ҳақорат қилиш, одобсиз хатти-ҳаракатлар, безорилик ва одобсиз имо-ишоралар кўринишидаги муомала учун жавобгарликни белгилаш мақсадида ” ишлаб чиққанини таъкидлашган.
Қонун лойиҳасининг мантиқий асосларида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан «ўқитувчиларни ҳақоратлаш ва ҳатто ҳужум қилиш ҳолатларининг кўпайиши нафақат таълим олиш имкониятининг сезиларли даражада қисқаришига, балки кафолатланган педагогларнинг жамиятдаги махсус ҳуқуқий мақомининг ҳам пасайишига олиб келади», дейилади.
Асосий саҳифага иллюстратив суратдан фойдаланилди.