Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиевга нисбатан қўзғалган жиноят ишининг ҳолатларини текшириш учун тузилган комиссия хулосасини ОАВга эълон қилмайди. Бу ҳақда вазирлар маҳкамасининг ўринбосари Эдил Байсаловга таяниб 24.kg ахборот агентлиги ёзди.
Байсалов бу комиссия президент Садир Жапаровга маълумот етказиб туриш учун тузилганини таъкидлади.
«Комиссия давлат рахбари учун ишламоқда. У жамият фикри, тергов ёки суд манфаатлари учун ишламайди. Улар мамлакат рахбари қарор қабул қилиши учун зарур бўлган маълумотларни тўплайди. Давлат рахбари қабул қилган қарорлари нимага асосланганини айтишга мажбур эмас. Шунинг учун комиссия иши бўйича хулоса очиқ айтилади деб кутманглар», — деди Байсалов.
У бу каби комиссия тузиш Бош прокуратуранинг устидан тергов юритиш қатори қаралмаслиги керак деб қўшимча қилди.
16-июнда президент маъмурияти 3-июнда тузилган комиссия ўз ишини якунлаганини билдиришган. Аммо ошкор этилмаган. Бунгача комиссия хулосасидан кейин, президент Садир Жапаров Бейшеналиевга нисбатан қарор қабул қилиши айтилган.
Бош прокуратура ходимлари Алимкадир Бейшеналиевни 2-июнда қўлга олиб, еттита жиноят ишини қўзғаган.
Назорат органининг маълумотига кўра, бир жиноят иши «Коррупция» моддаси бўйича, иккитаси «Таҳдид қилиш орқали пора олиш», тўрттаси «Ваколатини суиистеъмол қилиш» ва «Қасддан фойдасиз шартнома тузиш» моддалари бўйича қўзғалган.
4-июнда президент Садир Жапаров соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиевни тергов вақтида лавозимидан четлатган ва Жаркинбек Касимбековни соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи қилиб тайинлаган.
16-июнда Бишкек шаҳар суди Бейшеналиевни уй қамоғига чиқарган. Унгача, МХДҚнинг СИЗОсидаги вазир соғлиги ёмонлашганини айтиб шикоят қилган.