Жалолобод вилоятида 8-июнда президент Садир Жапаров иштирокида Қамбар-Ота-1 ГЭСининг қурилишини бошлаш бўйича тантанали тадбир ўтган.
«Клооп» журналистлари Қирғиз ҳукуматининг Қамбар-Ота-1 ГЭСини қуриш бўйича 10 йилдан буён ваъда қилиб келинаётган сўзларининг хронологиясини жамлади.
2012-йил
Қирғизистон билан Россия Қамбар-Ота -1 ГЭСини ҳамкорликда қуриш бўйича 2012-йилнинг ўзида Алмазбек Атамбаев даврида келишилган. Ўша вақтда, 2012-йилнинг сентябрь ойида Атамбаев қирғиз-рус сўзлашувларнинг натижасида ГЭС қўшни давлатларга ҳам зарурлигини билдирган.
«Қамбар Ота-1 ГЭСи биринчи навбатда қўшни мамлакатларга керак. Аммо биз уларнинг ташвишланишини тушунамиз, шунинг учун биз улар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Қўшнилар билан тинчликда ва дўстликда яшашимиз лозим», — деган Атамбаев.
Атамбаев даврида имзоланган шартнома бу биринчиси эмас. Қирғизистон билан Россия Қамбар-Ота-1 ГЭСини қуриш ҳақида 2009-йили ҳам келишишган. Бироқ қурилиш ўшандан буён бошланмаган.
2015-йили
Қирғиз-рус шартномаси имзоланганидан сўнг уч йил ўтганидан кейин Атамбаев Россия гидроэлектростанцияни қурмаслигини айтган.
«Биз Юқори Норин каскадидаги ГЭСларни қачон қуриб битиради деб кута олмаймиз. Мен Владимир Владимировичга “кечирасизлар, лекин биз бошқа инвесторларни қидирамиз” дедим. Улар [Россия ҳукумати] тушунди. “Қамбар Ота -1га” бўлса умуман ҳеч ким аралашмаган», — деган Атамбаев декабрдаги якунловчи матбуот анжуманида.
2016-йили эса Қирғизистон шартномани бир томонлама тўхтатган. Бунга Россиянинг «РусГидро» компанияси ишни кечиктиргани сабаб бўлган.
Шундан буён мамлакат ГЭС қурулишига маблағ солишга тайёр инвесторни излай бошлаган.
2018-йил
Қамбар-Ота-1 ГЭСини қуриш зарурлигини бу сафар президент Сооронбай Жээнбеков айтган. Бу ҳақда у Қирғизистонни ривожлантириш бўйича ҳамкорлар билан учрашувда билдирган.
«Шу билан бирга Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини, Қамбар-Ота-1, Юқори Норин ГЭСларини, Қирғизистон –Хитой газ қувури каби инфраструктура лойиҳаларини амалга ошириш режаланмоқда», — деган Жээнбеков.
2019-йил
Бу сафар Жээнбеков Қамбар-Ота ГЭСини Токтогул ГЭСини реабилитация қилишни биринчи фазаси якунлангани туфайли тадбирда ёдга олган.
«Шу сабабли, миллий миқёсдаги лойиҳаларни амалга ошириш-келажакдаги вазифамиз. Уларнинг ичида Қамбар-Ота 1 ГЭСи важ Юқори Норин ГЭСларининг каскади, Казарман ГЭСларининг каскади киради. Қамбар-Ота-1 ГЭСини амалга ошириб, унинг лойиҳавий қувватига (1900 МВт) етиш учун 11 йил зарур», — деган Жээнбеков.
Лекин Жээнбеков даврида гидроэлектростанцияни қуришга инвестор топилмаган.
2022-йил
Орадан деярлик 10 йил давом этган баҳс-мунозараларга, бекор бўлган шартномаларга ва инвестор топишга кетган вақтга қарамасдан Қирғизистон Қамбар-Ота-1 ГЭСининг қурилиши бошланиш арафасида. Гидроэлектростанциянинг қурилишини бошлашга президент Садир Жапаров ўзи бориб старт берди.
«Қамбар-Ота-1 амалга ошиб қолса Қирғизистонга ҳам, Марказий Осиёга ҳам фойдали бўлади. […] Аллоҳ буюрса, Қамбар-Ота-1 ГЭСининг лойиҳасини амалга оширсак, бу иш Қирғизистон келажагига бизнинг қўшган катта хиссамиз ва улкан ютуғимиз бўлади», — деб ишонтирди президент.
Қамбар-Ота-1 ГЭСини қурушнинг умумий сметаси 2,9 млрд долларни ташкил қилади. Қурилиш олти фазали босқичдан иборат. Лойиҳа давлат бюджети ва жалб қилинган инвестициялар хисобидан молиялаштирилмоқда.
Ҳозирча ҳукумат ГЭС қурулишига маблағ киритишга рози бўлганларнинг шахси ёки компания номлари айтилмади. Бунгача Жапаров лойиҳага Қозоғистон ва Ўзбекистон қўшилишга тайёр эканини айтган эди.