Россия президенти Владимир Путин агар Украина АҚШдан узоқ масофадан учувчи ракеталарни оладиган бўлса, рус ҳарбийлари «аввал хужум қилинмаган позициялар»га хужум қилишидан огоҳлантирди. Бундай маълумотни Путин «Москва. Кремль. Путин» телекўрсатув эфирида айтди.
«Бу америкаликлар қандай ракеталарни беришига боғлиқ. Аммо бугун буни эшитиб, таҳлил қилишимизчи қараганда — у 45-70 км масофага учиб бориб хужум қиладиган ракеталар», — деди Путин.
Россия раҳбари қайси объектларга зарба беришини аниқ айтмади. Лекин Би-Би-Си рус хизмати таъкидлаганидай, бунгача Россия ҳукумати «қарор қабул қилинувчи марказларга» хужумлар бўлиши эхтимол деб бир неча марта огоҳлантиришган.
Украина АҚШдан узоқ масофали ракеталар тизимини олиши 1-июнда маълум бўлган. Би-Би-Си Россия хизматидан билдиришича, украин армияси аниқ нишонга олиши ва вайрон қилиш масофаси бўйича Россия армияси системаларидан юқори бўлган HIMARS реактив тизимини олади.
Бундан ташқари, бунгача АҚШ президенти Жо Байден ленд-лиз деб аталган қонунни имзолаган. Мазкур хужжат Украинага ҳарбий қурол еткизишда имтиёзли шароитларни яратади. Шундай қонунга АҚШда Иккинчи жаҳон урушида ҳам қўл қўйилган.
Россия ҳарбийларининг Украинага кенг кўламли хужуми 24-февралда бошланиб, уч ойдан ортиқ вақт давом этиб келмоқда. БМТ маълумотига кўра, уруш вақтида Украинадан 6,9 млн тинч аҳоли чиқиб кетган. Қочоқларнинг кўпи Польша, Чехия ва Германияга қочган.
БМТнинг 3-июнга нисбатан маълумотига кўра, Украинадаги урушда 4 183 тинч аҳоли ҳалок бўлган, унинг ичидан 268 нафари ёш болалар.