Президент Садир Жапаров Курманкул Зулушевни бош прокурорлик вазифасидан вақтинчалик четлатиш билан Алимкадыр Бейшеналиевни «муҳофаза қилаётган»ини кўрсатди. Бундай фикрни экс-судья Клара Сооронкулова 24.kg нашрига берган интервьюсида билдирди.
Унинг таъкидлашича, Жапаровнинг ҳаракатини прокуратурага тазйиқ ва терговга бевосита аралашув сифатида кўриш мумкин.
Сооронкулова президент Жогорку Кенешнинг розилигини олмасдан Зулушевни хизматидан вақтинча четлатишга ҳуқуқи ҳам йўқ эди деб хисоблайди. У бош прокурор ўринбосарлари президент қарорининг устидан даъво очиши керак деб қўшимча қилди.
«Президент Қурманкул Зулушевни тергов якунигача хизматидан вақтинча четлатгани қонунлар тўлиқ ишламаётганини кўрсатди», — деди Сооронкулова нашрга.
У Зулушев Бейшеналиевга жиноят ишини қўзғаётганда қонун доирасида ҳаракат қилганини таъкидлади.
Зулушевнинг хизматдан четлатилиши
4-июнда президент Садир Жапаров Бош прокурор Курманкул Зулушевни хизмат вазифасидан вақтинча бўшатган. Президент бундан қарорни Бейшеналиевнинг хибсга олинишига боғлиқ деб қабул қилиб, Зулушев билан Бейшеналиевнинг «шахсий муносабати» айтилган. Шу билан бирга қарор Бейшеналиевга нисбатан қўзғалган жиноят ишини «адолатли терговни таъминлаш мақсадида қабул қилингани»ни таъкидлаган.
Президент матбуот хизматидан жиноят ишини кўриб чиқишда соғлиқни сақлаш вазири билан бош прокурорнинг шахсий адоватлари ҳисобга олинганини қўшимча қилишган.
Жапаровнинг амалдаги Конституциясига кўра, президент бош прокурорни парламент рухсатисиз лавозимидан четлата олмайди.
«Президент Жогорку Кенешнинг рухсати билан бош прокурорни тайинлайди; қонунда назарда тутилган ҳолларда Жогорку Кенеш депутатларининг умумий сонининг камида ярми розилик билдирган ҳолда бош прокурорни хизмат лавозимидан озод этади; бош прокурор тавсияси билан унинг ўринбосарларини хизматга тайинлайди ва бўшатади», — деб ёзилган Конституцияда.
Аммо Зулушевни вазифасидан бўшатиш масаласи Жогорку Кенешнинг йиғилишида муҳокама қилинмаган.
Зулушевнинг ўзи хизмат вазифасидан вақтинча четлатилганига «президент фармони муҳокама қилинмайди», у фақат бажаралиши лозим деб изоҳ берган.
Жапаров Бейшеналиевнинг жиноий ишлари ҳақида
Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев 2-июнда «коррупцияда гумонланиб қўлга олинган. Бош прокуратура расмийга нисбатан еттита жиноий ишни қўзғагани аниқланган.
Маълумотга кўра, бир жиноий иш «Коррупция» моддаси билан, иккитаси «Таҳдид қилиш орқали пора олиш», тўрттаси — «Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш» ва «Қасддан фойдасиз шартнома тузиш» моддалари бўйича қўзғалган.
Эртасига, 3-июн куни Жапаров соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиевнинг иши бўйича комиссия тузганини билдирган. Мамлакат рахбари комиссияни вазирга жиноий иш холис қўзғалганми йўқми «ўзи учун билиш» мақсадида тузганини қўшимча қилган.
«Мен холис бўлишим керак. Чунки жамиятда "бош прокурор билан вазир иккаласи бир-бирига ўчашиб қолган" деган фикрларни билдиришмоқда. Шунинг учун ҳозира иккаласини тенг бир тарафлама қоралашдан олис бўлиб туринглар», — деган у.
Шу билан бирга президент терговга ҳеч ким тўсқинлик қилмасин, комиссия унга материалларни тўплаб беришини таъкидлаган.
Бунгача Жапаров Бейшеналиевни қўллаб, бир неча маротаба фикр билдирган. Уларнинг бирида президент Бейшеналиев «гапда қўрқоқ, лекин ишнинг кўзини билган раҳбар» деб таърифлаган.
«Шу боисдан этика жиҳатдан камчиликлари бўлса ҳам кўз юмиб келяпмиз. Қилаётган иши халқ учун бўлса бўлди», — деган президент.
4-июнда Садир Жапаров Алимкадир Бейшеналиевни тергов якунигача вазифасидан озод этган.
Муаллиф: Канишай Балкибекова