Боткен туманида қирғиз-тожик чегарасида 3-июнда отишма содир бўлди. Бу ҳақда МХДҚнинг Чегара хизмати хабар қилди.
Маълумотга кўра, туманнинг Булоқбоши ҳудудида тожик ҳарбийлари Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Улар қирғиз чегарачиларининг ҳудуддан чиқиб кетиш талабига бўйсунмай ўқ отишган.
Оқибатда икки тарафдан отишма содир бўлиб, «тожик томон миномётлардан фойдаланган»и айтилди. Олинган маълумотга кўра, Қирғизистон томондан жароҳатланганлар йўқ.
Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Чегара хизматининг Боткен вилояти бўйича бошқарма бошлиғи Киялбек Толонбаев ва чегара отряди командири Рустам Миршакиров чиқиб кетди.
Чегара хизматидан телефон орқали отишмани тўхтатиш келишилганига қарамай, «тожик томон отишмани тўхтатмаяпти» деб таъкидлашди. Соат 13:00да ҳам отишма тўхтамаган.
Қирғизистон тожик томонни зудлик билан отишмани тўхтатишни талаб қилди. Йўқса «Чегара хизмати жавоб-чораларини қайтаришга ҳақли» деб билдиришди.