Ўш вилоятининг Қорасув туманида журналист Бакит Кулчумановга ҳужум қилинди. Журналист маълумот олиш учун Давлат рўйхатга олиш хизматининг Қорасув туман бўлимига борганида “Улуқ” исмли шахс унга ҳужум қилганини айтиб, воқеа акс этган видеони эълон қилди.
Қулчумонов Қорасувга бориб, «2003-йилда сотилган ерларнинг яшил китоблари кейинчалик таниқли депутатнинг аралашуви билан ноқонуний равишда бекор қилингани» ҳақидаги иддаоларни текшириш учун борганини айтди.
«Оддий халқ ўз муаммоларини айта олмай, ҳуқуқлари ҳурмат қилинмаса, умидлари пучга чиқса, оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилади. Фуқароларга ҳар сафар ёрдам берганимда турли тўсиқларга дуч келаман, лекин давлат идоралари томонидан бундай тажовузкорлик ва қўполликларга биринчи марта дуч келишим»,-деб ёзди у.
Журналист бу ҳақда Давлат рўйхатидан ўтказиш хизматининг Қорасув туман бўлимига мурожаат қилганини ва ҳужум қилган шахс штатдан ташқари ходим эканлигини айтганини билдирди.
«Давлат рўйхатга олиш хизмати раҳбарияти билан гаплашганимда, у киши идорада ишламаслигини айтишди. Демак, ҳар ким давлат идораларида бемалол юра олади, одамларга ҳужум қилиши мумкин, бу эса одатий ҳол ҳисобланади. Бундай фрилансерлар давлат идораларида кўп учрайди», - дея таъкидлади журналист.
Кулчумонов воқеа бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганида бюрократияга дуч келганини, далиллар ва гувоҳлар бўлишига қарамай, гумонланувчи қўлга олинмаганини қўшимча қилди.
«Бояги одам ҳали ҳам топилмади, иш эса тўхтатиладиган бўляпти. Суд-тиббий экспертизадан ўзим топиб бориб ўтдим, оқибатда бу анча вақт талаб қилди. Кўринишидан, Қорасувда ҳамма нарса чамбарчас боғлиққа ўхшайди, бир-бирига ака, куёв ёки қариндош», - деди у.
Журналист Қорасувда қолиш хавфли бўлгани учун Бишкекка қайтганини қўшимча қилди.
Вилоят милицияси нима дейди?
Ўш вилояти милицияси матбуот котиби Жениш Аширбаев 1 июнь куни «Клооп»га 30 май куни журналист Бакит Кулчуманов Улукбек (Амир) исмли шахсга чора кўришни сўраб милицияга ариза билан мурожаат қилганини тасдиқлади.
Шикоятда айтилишича, Улук исмли шахс журналистнинг оғзига мушт туширган, кийимларини йиртган ва кўзойнагини синдиргани айтилади.
Аширбаевнинг қўшимча қилишича, воқеа жойига Қорасув тумани ИИБ тезкор тергов гуруҳи бориб, суд-тиббий экспертиза тайинлаган.
Милиция ходимлари суриштируви натижасида Қорасув туманидаги Оқтош қишлоқ ҳудудига қарашли Жилкелди қишлоғининг 48 ёшдаги яшовчиси ушланганини билдирди.
«Журналистга хужум қилиш факти бўйича тергов олиб борилмоқда. Ҳозир гумондор вилоят милициясида тергов қилинмоқда», — деб билдири Аширбаев.
Журналистларга бўлган тазйиқ
«Клооп» сўнги беш йил ичидаги маълумотларни текшириб, Қирғизистонда журналистларга хужум қилиш ва тазйиқ учун деярли ҳеч ким жазога тортилмаганини аниқлаган.
Беш ярим йил ичида — 2015-йилнинг январь ойидан бошлаб, 2021-йилнинг июль ойигача прокуратуранинг маълумоти бўйича, журналистларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларнинг 42 ҳолати қайд этилган. Бугунги куни уларнинг фақат бештаси судгача етиб, 28и тергов жиноят изини топмаганидан қисқартирилган.
Журналистларни камситиб, қўрқитиб, аппаратларини синдириб, машиналарини ёқиб, идораларини тўнаб кетишади. Уларни арматура билан бошига уриб, бўғиб, ерга ётқизиб судрашади. Хужумларнинг аксари иш вақтида ёки уларнинг касбий фаолиятига боғлиқ бўлади.
Журналистлар ҳам ҳукуматнинг, ҳам оддий фуқароларнинг зўравонлиги билан маънавий тазйиққа учрайди-бу воқеаларнинг деярлик ярмига давлат вакиллари масъулдир.
Сўнги йилларда журналистлар фаолиятига боғлиқ тўсиқлар, тазйиқ ва иш вақтидаги хужумларга тез-тез учрай бошлади. Воқеаларнинг деярлик ярмида қўрқитувлар давлат ходимлари ва ҳуқуқ тартибот ходимлари томонидан бўлган.