Марҳум ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманидаги уйи аёли Хадича Асқарованинг номига ўтди. Маълумотни «Клооп»га «Бир Дунё — Қирғизистон» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг Ўшдаги координатори Хусанбай Салиев тасдиқлади.
Унинг айтишича, уй талашда бўлган ва мусодара қилиниши мумкин эди.
«Ҳужжат олишолмай юргани сабаб рўйхатга олишда муаммо бор эди. Давлат рўйхатга олиш хизмати меросхўрлик учун ҳужжатларни тайёрлагандан кейин Хадича Асқарова мулк эгаси ҳуқуқига эга бўлди», — деди Салиев уй қамоқдан ҳам чиқарилганини қўшимча қилиб.
Салиев ҳозирда юристлар Асқаровларнинг оиласига тегишли бошқа мулкларни ҳам қайтариш устида ишлашаётганини таъкидлади.
Олий суд 2019-йили Азимжон Асқаровнинг уйини қамоққа олиш бўйича Октябрь туман судининг қарорини қўллаган. Адвокат Валерьян Вахитов суднинг қарори ноқонуний эканини айтиб, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мурожаат қилган. Бу уй қамоққа олишнинг предмети бўлолмаслигини, уни мусодара қилиб ҳам бўлмаслигини, сабаби бу гаровга қўйилмаганини, жиноят предмети бўлиб ҳисобланмаслигини ва бирор бир ноқонуний ишларда фойдаланилмаганини таъкидлаган.
Асқаровнинг ўлими
Азимжон Асқаров 2010 йилдаги миллатлар аро можаро бўйича бир неча моддалар бўйича судланиб, умрбод озодликдан маҳрум қилинган. У 2020 йили 25 июлда Бишкекдаги №47 ахлоқ тузатиш қамоғида вафот этган. Асқаров 69 ёшда бўлган, ўлими олдидан соғлиғи анча ёмонлашган. Асқаровнинг ўлимига икки томонлама пневмония вақтида кучайган ўткир нафас етишмовчилиги сабаб бўлган.
Адвокат ҳуқуқ ҳимоячисини касалхонага ётқизишни талаб қилишига қарамай, ҳукумат Асқаровни ЖИДҚнинг марказий касалхонаси жойлашган 47-колонияга ўтказиш билан чекланган. ЖИДҚнинг маълумотига кўра, Асқаровнинг ўзи шифохонага ётишдан бош тортган.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлим факти бўйича судгача текширув бошланган. Кейин ЖИДҚнинг терговчиси жиноят аломатлари йўқлиги сабаб ишни тўхтатган. Бу қарорни Бишкекнинг Свердлов туман суди қонуний деб топган. Шу сабаб «Бир Дунё — Қирғизистон»нинг адвокатлари Бишкек шаҳар судига ва Олий судга аппеляция беришган. Икки суд ҳам Азимжон Аскаровнинг ўлими бўйича ишни тўхтатилганини ноқонуний ва асоссиз деб топган.
Янги текширувни яна ЖИХ қўлга оладиган бўлган, бироқ «Бир Дунё — Қирғизистон»нинг адвокатлари бунга қарши бўлишган. Адвокатлар муассаса жиноий иш тўхтатилишидан манфаатдор ва буни холис текшира олмайди деб айтишган. Улар ишни МХДҚга ўтказишни, бош прокуратурадан ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлимини текшириш ишидан ЖИХнинг терговчисини четлатишни сўрашган. 2021-йилнинг сентябрида Азимжон Асқаровнинг ўлимини МХДҚ текшириши маълум бўлган.
Асқаров ким эди?
Азимжон Асқаров — Қирғизистон жанубидаги ҳуқуқ ҳимоячиси — умрининг 10 йилини қамоқда ўтирган. Уни 2010 йилнинг 15 июнида Қирғизистон жанубидаги миллатлар аро можаро вақтида қўлга олишган.
Ҳуқуқ ҳимоячисига «тартибсизлик уюштириш», «миллатлар аро нафратни қўзғатиш» ва «одам ўлдиришда иштирок этиш» бўйича айблар қўйилган. 2010 йил охирида суд Асқаровни умрбод панжара ортига қамаган, бироқ Асқаров айбини тан олмаган.
Азимжон Асқаровнинг иши бўйича бир қанча қарама-қаршиликлар кузатилган — ҳуқуқ ҳимоячиси асосан милициянинг кўрсатмаси сабаб судланган. Бундан ташқари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Асқаров қийноққа олинганини ва ҳуқуқ ҳимоячисига қарши суд иши адолатсиз бўлганини айтган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Асқаровга нисбатан таъқибни у милиция томонидан қилинган қийноқ фактларини текширувга олгани билан боғлаган.
2016 йили БМТнинг қўмитаси қирғиз ҳукуматидан Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, қамоқдан озод қилишни талаб қилган, бироқ ҳукумат буни амалга оширмаган. Судда унинг иши қайта кўрилгани билан ҳукм аввалгидай қолган.
«Бир Дунё» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти 2021-йилнинг ёзида Қирғизистон жанубидаги 2010-йилнинг июнь воқеалари бўйича президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, Асқаровни ўлимидан кейин оқлашни сўраган.
Асосий саҳифадаги сурат: «Апрель»