Бекешев давлат касалхонларида ВИЧ, СПИД юқтирганларга товон тўланмаётганини айтди

279

Вазирлар маҳкамаси давлат касалхоналарида тиббиёт ходимларининг айби билан ОИВ/ОИТС касаллигини юқтириб олганларга товон тўлаш бўйича қонунни бажармаяпти. Бу ҳақда депутат Дастан Бекешев ўзининг Телеграм-канали орқали билдирди.

«2022-йилнинг 1-мартидан бошлаб давлат касалхоналарида ОИВ-ОИТС юқтириб олганлар 100 минг сом компенсация олиши керак эди. Бу қонунни мен VI чақирилишда таклиф қилганман. Бироқ вазирлар маҳкамаси ишлаётган қонунни бажаришга шошилмаяпти. Талаб қиламан!» — деб ёзди.

*ВИЧ — ўзбекчаси ОИВ — одамнинг иммун системасига таъсир қилган иммун танқислик вируси, вақт ўтиши билан турли касалликларга — сил, зарарли шишларга ҳатта тумовга қарши туриш имконидан маҳрум қилади. СПИД — ОИВ инфекцияси сабаб иммун системанинг бузилишидан келиб чиққан касалликлар йиғиндиси.

Депутат ўзининг қонунни бажарилишини талаб қилган мурожаатига Соғлиқни сақлаш вазирлигидан келган жавобни ҳам қўшган.

«Ҳозирда товон тўланмаяпти, шу сабаб молия вазирлигидан қонунга мувофиқ бу талабни бажариш бўйича маълумот беришни сўраймиз», — деб жавоб беришди вазирликдан.

Муассасадан ўлкада компенсация тўланиши керак бўлган 391 бола борлигини қўшимча қилишди.

2020-йилнинг августида собиқ президент Сооронбай Жээнбеков давлат касалхоналарида ОИВ-ОИТС юқтириб олган фуқароларга бир марта тўланувчи 100 минг сом компенсация тўлаб бериш ҳақидаги қонунни имзолаган.

Собиқ президент имзолаган қонун 2022-йилнинг 1-мартида кучга кирган. Қонун 2005-йилнинг 23-августидан кейинги вақтни ўз ичига олади ва вирус юққан вақтда вояга етмаганларга ҳам тегишли.

Қирғизистонда иммун етишмаслиги вирусини (ВИЧ) юқтириб олишдан ҳимояланувчи бир қанча усуллар бўлишига қарамай, юқтириб олган одамлар йилдан-йилга кўпаймоқда.

Қирғизистонда ҳам йили 800га яқин одамда ОИВ-инфекцияси аниқланади.