Жалолобод милицияси молиявий ташкилотларидан узоқроқ бўлишга тарғиб қилувчи видео эълон қилди

362

Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси охирги вақтларда кооперативларга алданган одамлар сони кўпайганини айтиб, фуқароларни ҳушёрликка чақирган видео ролик тайёрлади.

Унда кооперативларни халққа таниқли одамлар реклама қилиб, бунга оддий одамлар ишониб, кўп миқдордаги моддий зарарга учраётгани айтилади.

«Ҳурматли фуқаро! Сиз кооперативга ёзилишда пул тез орада қўлга тегишига ишонмасангиз ҳам бўлади. Сабаби сизгача ёзилган 100гача одамлар борлигини, улар тегишли маблағни олмагунча сизга навбат етмаслигини ёдингизда тутинг», — дейилади видеода.

Шунингдек, видео роликда қўшни Қозоғистонда молия пирамидасига алданиб, кўп миқдордаги пулини ололмаган аёл ўзига ўт қўйгани мисол келтирилган.

Бундан ташқари, 2022-йили турли мулк, турар-жой кооперативлари бўйича 73 жиноий иш қўзғалиб, ундан 139 киши алданиб, келтирилган зарарнинг умумий миқдори 66 млн 641 минг сом бўлгани айтилади. Милиция бирор бир молия ташкилотларига пул беришдан эҳтиёт бўлишга чақиради.

Кооперативларга қарши жиноий ишлар

15-мартда Ўш шаҳар милицияси S-Line турар-жой кооперативининг етакчиси Бактибек Алиевни қўлга олган. Куч органлари унга «Ишониб берилган мулкни ўзлаштириш» моддаси билан айб қўйган.

Алиевнинг устидан 24 киши ариза бериб, тергов зарарнинг миқдори 40 млн сомни ташкил қилганини айтган. Бироқ, Ўш шаҳар суди зарарнинг миқдори «нотўғри ҳисобланганини» аниқлаб, жабрланувчилар етти млн сом зарар кўрганини билдирган. Шу сабаб 22-мартда Аалиев уй қамоғига чиқарилиб, алданганарнинг норозили туфайли 17-мартгача қамалган.

16-мартда Бишкекнинг Биринчи май туман ИИБси «Ак-Уй КейДжи» кооперативининг етакчиси Талант Айтбаевни «фирибгарлик»да гумон қилиб, ушлаган. Кўп ўтмай милиция «Рассвет» ва «Баха-Сидигали» турар-жой кооперативларининг директори Эрмек Нургазиевни «фирибгарлик»да гумон қилиб, қўлга олган — у 2021-йилнинг 9-февралида Бишкек шаҳрига бир кунга мэр бўлишга улгурган. Суд Нургазиевни №1 тергов қамоғига киритган.

22-мартда Ўш шаҳар ИИБ олдига «Биринчи турар-жой кооперативи»нинг сармоядорлари митингга чиқишган. Маълумотга кўра, кооператив устидан 28 ариза тушган, Ўш милицияси «фирибгарлик» моддаси билан жиноий иш қўзғаган.

4-апрелда Ички ишлар вазирлиги «Ихсан Групп ЛТД» турар-жой кооперативига «фирибгарлик» моддаси билан қўзғалган жиноий иш бўйича тергов ҳаракатлари бошланганини маълум қилган.