«Мени бир умрга кесинглар!». Атамбаев ойна тўсиқни тепкилагандан кейин суд залидан чиқарилди

415
Сурат: 24.kg нашри

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев 8-апрелда Бишкекнинг Биринчи май туман судида ойнали тўсиқни тепкилагандан кейин залдан чиқарилди. Бу ерда 2020-йилнинг октябрь воқеалари бўйича суд мажлиси бўлган.

Бунгача Атамбаевнинг адвокатлари собиқ президент соғлиғи сабаб мажлисларни онлайн ўтказиш бўйича илтимоснома берган. Бироқ суд бунга асос йўқлигини айтиб, Атамбаев ва президент аппаратининг собиқ етакчиси Фарид Ниязов мажлисга қамоқдан олиб келинган.

Атамбаев судьяга уни залдан чиқариб юбориши учун тартиб бузишга мажбур бўлганини айтди.

«Бу бир масхаралаш. Мени умрбодга қаманглар, ахмоқлар! Бироқ мени эрмаклаб, қийнашни тўхтатинглар. Менда уч чурра бор, МРТнинг сурати бор. Тартибсизликни тўхтатиб, мени суд залидан чиқаринглар», — деб Атамбаев айбланувчилар ўтирган камеранинг ойнали тўсиқларини тепа бошлади.

Шу сабаб судья собиқ президентни суд залидан чиқариб юборди.

Октябрь воқеалари бўйича 4-апрелдаги суд мажлисида ҳам Атамбаев ўзини ёмон ҳис қилиб, уни тез ёрдам олиб кетган.

23-мартда Атамбаев «Қўй-Тош воқеаси» бўйича мажлисга соғлиғи сабаб қатнашмаган. Унинг адвокати Замир Жоошев Атамбаев бемор бўлишига қарамай, жазо ўташ хизматининг аскарлари уни куч билан судга олиб келганини билдирган. Атамбаев туман суди биносига олиб келингандан кейин машинадан тушишдан бош тортган.

Эртаси куни қийноқларни олдини олиш миллий марказининг ходимлари Атамбаев билан №47 колонияда суҳбатлашган. Собиқ президент марказ вакилларига колониянинг ходимлари уни уст кийим ва оёқ кийимсиз кўчага судраб чиқиб, судга олиб келишганини айтиб берган.

Бунга президент Садир Жапаров ҳам реакция қилиб, Атамбаевни судга қатнашмаганини танқид қилган. Собиқ президент Жапаровга жавоб бериб, «судга борганда ҳам ҳеч нарса ўзгармайди» деб, криминал Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилиш иши бўйича 11 йилга судланганини эслатди. Атамбаевнинг айтишича, унинг ёшида бу «умрбод озодликдан маҳрум қилишга тенг».