Октябрь воқеаларида жабрланганлар Сооронбай Жээнбековни экс мақомдан ажратишни талаб қилишди

356

8-апрелда Бишкекнинг Биринчи май туман суди олдида 2020-йили октябрь воқеаларида жабрланганлар ва уларнинг яқинлари норозилик намойишига чиқишди.

Митингга чиққанлар собиқ президент Сооронбай Жээнбеков, МХДҚнинг собиқ раиси Орозбек Опумбаевни ва собиқ вазир Кашкар Жунушалиевни жавобгарликка тортишни талаб қилишди.

Улар «Жароҳатланганларга реабилитация, операция керак», «Опумбаев, Жунушалиев жавобгарликка тортилсин!», «5-6-октябрда халқни оттирган Жээнбеков клани жавобгарликка тортилсин», «Сооронбай Жээнбековни собиқ президент мақоми бекор қилинсин!» деган транспорантларни кўтариб туришди.

Акцияга чиққанлардан бири даволанишга мухтожлигини, олган жароҳати сабаб ишлай олмаслигини айтиб норози бўлди.

«Товуқ ўғирлаган одам тезда қўлга олинади, одам ўлдирганники кўриб чиқилмайди. Сооронбай Жээнбековни ушлаб, жавобгарликка тортишсин. Бойми, гадойми қонун ҳамма учун бир хил бўлиши керак. Мен масалан, Жалдаги масжитга жума намозига бораман. Сооронбай Жээнбековни қуршаб, ҳимоялаб милициялар туради. Масжидга кирса ҳам ўз халқидан қўрқишади. Шунга муносибми? Октябрь воқеасида бошимдан қаттиқ жароҳатланганман. Мен шу сабаб ишсиз қолдим», — деди у.

Йиғилганлар бунгача МХДҚга мурожаат қилишганини, аммо бундан ҳеч қандай натижа бўлмаганини билдиришди.

Октябрь воқеаси

2020-йили 5-октябрда Бишкекнинг Ала-Тоо майдонида парламент сайловининг дастлабки натижасидан норози бўлган партияларнинг минглаган тарафдорлари митингга чиқишган. Митинг иштирокчилари сайлов қонуни бузилганини, айрим партиялар овоз сотиб олишганини ва маъмурий ресурс қўлланилганини айтишган.

Норозиликлар митингга чиққанлар билан куч тизимининг тўқнашувига айланиб, натижада ўлкада ҳукумат алмашган.

Митингчилар шовқинли граната, сув ва елим ўқлар билан қувиб тарқатилган. Расмий маълумот бўйича, мингдан ортиқ одам тиббий ёрдам олган, уларнинг орасидан 439 митингчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Кўнгиллилар парламент биноси ва бошқа давлат объектларини назорат қилиб, уларни митингчилардан талончилик билан бузилишига йўл беришмаган.

Бироқ митингчилар иккинчи ҳаракатдан сўнг Оқ уйни босиб олиб, жиҳозларни бузиб, ўт қўйишган. Бундан ташқари, пойтахт кўчаларида бир неча милиция машиналари ёқилган. Юзлаган одамлар яраланиб, 19 ёшли Умутбек Алтинбек ўғли ҳалок бўлган. Елим ўқлардан жароҳатланиб кўзидан айрилганлар ҳам бор.

Алтинбек ўғлининг жасади 2020-йилнинг 8-октябрида Баткен вилоятининг Лайлак туманида дафн қилинган.