Миллий Банк: Бир ойда 413 миллион сомга олтин қуймалари сотилди

305

Миллий Банк 28 февралдан 22 мартгача 413,3 миллион сомга 63 килограмм олтин қуймаларини сотди. Бу ҳақда «Азаттык» нашри банкнинг матбуот хизматига таяниб ёзди.

Маълумотга кўра, аҳолини олтин сотиб олишга талаби юқори. Миллий банк ҳозирда бирдан 100 граммгача олтин қуймалари сотилаётганини таъкидлади.

«Олтин қуймаларининг захираси ҳар куни тўлдирилмоқда», — деб билдирди асосий банк.

Бунгача миллий банк ўтган йили умумий 192,9 млн сомга олтин қуймалари сотилганини маълум қилган.

Шунингдек, банкнинг матбуот хизмати март ойи бошида олтин сотиб олган қирғизистонликлар кўпайганини таъкидлади. Банк 25 февралдан 2 мартгача 894 дона олтин қуймалари сотилганини айтган. Бу ўтган йилга қараганда кўп — сабаби ўтган йили шу ой оралиғида 38 дона олтин қуймаси сотилган.

Олтинга бўлган талаб нимага ошди?

Шу йилнинг 28 февралида Президент Садир Жапаров қирғизистонликларга сомнинг қиймати тушиб, чет эл валютаси қимматлаётган вақтда олтин сотиб олишни таклиф қилган. У «капиталингизни қоғоз пул билан сақлагандан кўра, олтин билан сақланг» деб маслаҳат берган.

Эртаси 1 мартда Жапаров ўз таклифидан кейин «Миллий банкда олтин сотиб олишга навбатга турганлар кўпайганини» билдирган.

«Тўғри қиласизлар, чет давлатлари банкларида ёки уйда қоғоз пул билан сақлагандан кўра, олтин билан сақланг, юз йилдан кейин ҳам куймайсизлар. Сом билан доллар ўз қадрини йўқотиши мумкин, олтин эса ҳеч қачон йўқотмайди», — деган президент.

Миллий банк маълумотига кўра, 24 мартда 1 грамм олтиннинг нархи 8 минг 49 сомдан сотилмоқда.

Муаллиф: Бактигул Нарматова.