Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов қамоғига киритилган Бишкекнинг вице-мери Азат Узаков ишдан бўшатилиб, унинг ўрнига Бактибек Абдиев тайинланди. Абдиев Архитектура, қурилиш ва турар-жой коммунал хўжалик давлат агентлигининг собиқ етакчиси.
Узаков мактаб қуришга ажратилган бюджет пулларини ўзлаштириб олишда гумонланиб 18 февралда қўлга олиниб, икки ойга қамалган. У билан бирга Давлат қурилиш агентлигининг бўлим бошчиси А.Э.Ж. ва «ГлавПроектСтрой» МЧЖнинг бош директори Гулзат Токтобекова қўлга олинган. Улар ҳам икки ойга қамалган.
МХДҚ Узаков ҳукумат аппаратида қурилиш, транспорт ва коммуникация бўлимини бошқарганда хусусий компаниянинг манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида коррупция схемасини уюштирганини маълум қилган.
Тергов версияси бўйича, Чуй вилоятининг Кош-Коргон қишлоғидаги Каракеев номидаги ўрта мактабни қуришда Узаков бир неча марта «ГлавПроектСтрой» МЧЖ манфаатларини қўллаган
Натижада тендер қонунлари ва қурилиш меъёрлари бузилиб, давлат бюджетга келтирилган зарар 10,8 миллион сомни ташкил қилган.
Азат Узаков вице-мерлик лавозимига 3 сентябрда тайинланган. Унгача президент администрациясида ишлаган. У Бишкек шаҳар кенгаши ходимидан «субординацияни сақлашни» ва «лавозимни сийлашни» талаб қилгани билан маълум.
Бактибек Абдиев ким?
Бактибек Абдиев 50 ёшда. У Жалолобод вилоятининг Қоракўл шаҳрида туғилган. Абдиев Қирғиз архитектура-қурилиш институтини ва президентга қарашли Бошқарув академиясида билим олган.
Бишкекнинг янги вице-мери Ўш, Иссиқкўл вилоятида ва Бишкек шаҳридаги қурилиш тармоғидаги давлат муассасаларида бош архитектор ва етакчи бўлиб ишлаган.
2016 йилдан 2020 йилгача Абдиев ҳукуматга қарашли Архитектура, қурилиш, турар-жой-коммунал хўжалиги давлат агентлиги директори лавозимида ишлаган. Абдиев 2020 йилдан бери «Авангард Проект» қурилиш-лойиҳалаш компаниясида директор бўлган.