Футбол бўйича Қирғизистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатининг 14 ёшгача бўлган ўйинчилар орасида ўтаётган саралаш баҳсларида рақиби Ҳиндистонга 1:4 ҳисобида ўйинни бой берди.
Ҳинд ўйинчилари ўйиннинг 5 дақиқасидаёқ ҳисобни очди — рақиб ҳужумчиси Абутаир Қирғизистон ҳимоясини ёриб ўтиб, дарвозани ишғол қилишга эришди.
Қўйиб юборилган голдан 13 дақиқа ўтиб қирғизистонлик футболчи Эмир Шигайбаев рақиб жарима майдонида чалиб йиқитилди ва ҳакам Ҳиндистон дарвозаси томон пеналти белгилади.
Бу имкониятни Қирғизистон термаси сардори Азамат Мелисбеков қўлдан бой бермади ва ҳисобни тенглаштирди.
Бироқ қўйиб юборилган голдан кўп ўтмай ҳиндистонлик ўйинчилар ўртадаги голлар нисбатини яна йириклаштирди — рақиб ҳужумчиси Хуантем Қирғизистон дарвозасининг ўнг бурчагига аниқ зарба йўллаб, дарвозабон Вадим Крохани доғда қолдирди.
Бу голдан сўнг Ҳиндистон термаси ҳужумга яна зўр берди ва ҳимоячи Анварнинг майдон бурчагидан ошириб берган тўпи рикошет ҳолати орқали Қирғизистон терма жамоаси дарвозасидан жой олди.
Қирғизистонлик футболчилар ўйиннинг 41 дақиқасида ўртадаги ҳисобни қисқартириш имконига эга бўлганди, бироқ Данияр Мажидов берган зарба ҳиндистонлик дарвозабоннинг қўлига бориб тушди.
Учрашувнинг иккинчи бўлимида эса Ҳиндистон ёшлар термаси яна бир марта рақиб дарқозасини ишғол қилиб рақибини ер тишлатди — ҳисоб 1:4.
Қирғизистон ёшлар терма жамоаси мураббийи Олег Матвеев ўйиндан сўнг ўтган матбуот анжуманида учрашув тақдирини унинг шогирдлари йўл қўйган хатолар ҳал қилганини айтди.
«Биз йўл қўйган хатоларнинг аксари тўпни йўқотишга ва бизнинг дарвозани ишғол қилинишига сабаб бўлди», – деди Матвеев.
Ҳиндистон терма жамаоси мураббийси Нараяна Менон биринчи бўлимда уч гол қўйиб юборганига қарамай, Қирғизистон термаси кучлироқ ўйин кўрсатганини таъкидлаб ўтди.
«Биринчи бўлимдаги голлар ўйинчиларимизнинг омади туфайли кирди. Мен шогирдларимнинг биринчи бўлимдаги ўйинидан қониқмагандим, бироқ иккинчи бўлимда улар ташаббусни қўлларига олишди», – деб билдирди Менон.
Қирғизистон ўрин олган D гуруҳининг иккинчи учрашувида Туркманистон термаси футболчилари покистонлик рақибларига йирик 0:6 ҳисобида ўйинни бой берди.
Гуруҳдаги учинчи ўйинини қирғизистонлик ёш футболчилар бугун, 26 апрел куни Покистон терма жамоасига қарши ўтказади.
Ҳозирда икки ўйинда 1 очко жамлашга эришган Қирғизистон термаси гуруҳдаги беш жамоа ичида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.
2014 йилда ўтиши кутилаётган Осиё чемпионати финал босқичига саккиз гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган жамоалар йўл олади.
Авторы: Улугбек Акишев