Қамчи Колбаев ўзига қўйилган айбловга иқрор бўлмаяпти

598

fotografiya-600x350
Бишкекнинг Биринчи май район маҳкамаси Қирғизистоннинг энг машҳур криминал авторитетларидан бири ҳисобланган Қамчи Колбаев ишини қараяпти. Маҳкама йиғинида у ўзига қўйилаётган барча айбларни рад этди.

Прокурор бир ярим соатдан ошиқ Колбаевга қарши айбловни ўқиди. Унга қарши қўйилаётган айбловлар ичида жиноий тўдаларни ташкил қилиш, наркотижорат, ноқонуний равишда қурол сақлаш ва тарқатиш, одам ўғирлаш ва босқинчилик моддалари ҳам бор.

Колбаев унга қарши қўйилаётган айбловларнинг бирортасига ҳам иқрор бўлмади.

Маҳкама йиғинида икки жабрланган иштирок этди – бизнесмен Медер Кожахметов ва собиқ депутат Бактыбек Бекбоев.

Кожахметовнинг билдиришича, у Колбаевга ўз ҳамкори Азирбек Буркановдан қарзни ундиришга ёрдам сўраган, бироқ авторитет унга ёрдам кўрсатмаган.

Бекбоев эса Кольбаев, Бурканов ва Кожахметов “алдамчилик” йўли билан унинг уч уйи ва бир неча автомобилларини олиб қўйганидан шикоят қилди.

Маҳкама йиғинидан сўнг гумондор адвокати Сергей Манукян жабрланган Кожахметов ва Бекбоев шикоятлари унинг ҳимояси остидаги шахс билан боғлиқ эмаслигини билдирди.

Бундан ташқари, Манукян жабрланганларнинг Колбаевга авторитет қатори эмас, балки «оқсоқол» қатори мурожаат қилганини айтди.

Ҳукумат «Жиноий авторитет» деб тан олувчи Қамчи Колбаев 2012 йилнинг дакабр ойидан буён СИЗОда сақланяпти. Унинг қамоқда сақланиш муддатини икки марта — 8 декабрдан 8 январгача, кейинроқ яна бир ойга узайтиришганди.

Қирғизистоннинг энг йирик наркотижоратчиси ҳисобланган Колбаев сўнгги икки йилни Қирғизистон ташқарисида ўтказди.

2011 йили уни АҚШ ҳукумати дунёнинг энг йирик наркотижоратчилари қора рўйхатига киргизганди.

90чи йиллар сўнгида Колбаев Қирғизистон жиноят оламида ўз таъсирини кучайтириш учун Риспек Ахматбеков билан рақобатга киришган, бироқ Ахматбековга суиқасд қилиш ҳамда унинг икки сафдошини ўлдирганликда айбланган Колбаев 2000 йили 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

2006 йили эса у қамоқдан қочиб кетган, бу ҳодисадан бир йил ўтиб Қирғизистон ҳукумати уни қидиришни тўхтатганди.

2010 йил инқилобигача Колбаев ярим яширин ҳаёт кечирди. 2008 йили у Норин областида етти бўз уйда катта байрам ўтказди. Айрим манбаларда байрамда ўша пайтаги давлат президенти Қуманбек Бакиев ишларини бошқарувчи бир неча мулозимнинг иштирок этгани айтилади.

2010 йилги инқилобдан сўнг Колбаев қўлга олинди. Бундан кўп ўтмай у қамоқдан яна қочди ва охир-оқибат Дубайда пайдо бўлганди.