Ўшда 13 ёшли ўсмир бешинчи қаватдан ўзи ташлаб, ҳалок бўлди

325

Ўш шаҳрида 13 ёшли ўсмир бешинчи қаватдан сакраб ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Ўш шаҳар ИИБнинг матбуот хизмати билдирди. Маълум бўлишича, ўсмир томдан қулаган вақтда ёнида тенгдоши бўлган. Улар Ўшдаги Шакиров кўчасидаги беш қаватли уйнинг томида ўтирган.

«Марҳумнинг дўсти милицияга берган кўрсатмасида ҳалок бўлган ўсмир унинг телефонини сўраб, қайсидир бир қизга видео қўнғироқ қилиб “яхши қол, мени кеир” деб гаплашганини айтиб берди. Телефонни қайтариб берганидан кейин  «Она, мени кечиринг», деб айтиб қўққисдан ўзини ташлаб юборган», — деб айтилади милициянинг билдирувида.

Гувоҳ қатори сўроқ қилинган бошқа ўсмирлар эса аввал ҳам «мен ўламан, март ойида йўқ бўламан, мени кўрмайсизлар» деб айтиб келганини айтишган.

Ўш шаҳар ИИБдан бола шаҳардаги мактаблардан бирининг 7-синфининг ўқувчиси эканини таъкидлашди. Шу билан бирга, ҳозирда ҳар томонлама текширув ўтказилаётганини қўшимча қилишди.

Агар одам жиддий психологик ҳолатда бўлса ва ўз жонига қасд қилишга қарор қилса нима қилиш керак?

Психолог билан боғланиш тавсия этилади. Агар психологнинг алоқа рақамлари ёки бунинг учун маблағ бўлмаса,  24 соат ишловчи ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Меҳнат вазирлигида 24 соатлик бепул ишонч телефони мавжуд. Қирғизистоннинг исталган фуқароси 111 рақамига қўнғироқ қилиб, психологик ёрдам олиши мумкин. Психологлар ҳам катталар, ҳам болалар учун маслаҳат бериши мумкин.

Шунингдек, болалар ва ўсмирлар учун Бишкекда Болаларга ёрдам маркази мавжуд. Марказ билан қуйидаги рақамлар орқали боғланишингиз мумкин: +996773192099 ва +996707079597.