Омбудсмен Азиз Батукаевнинг бўшатилишига алоқаси йўқлигини билдирди

610

Tursundek-Akun.5-450x297
Қирғизистоннинг бош ҳуқуқ ҳимоячиси Турсунбек Акун криминал авторитет Азиз Батукаев унинг буйруғига биноан бўшатилгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Норин шаҳар суди уни 9 апрел куни қўйиб юборганди.

Акун 15 апрел куни журналистлар билан суҳбат чоғида Батукаевнинг бўшатилишига алоқаси йўқлигини билдирди.

Омбудсмен сўзларига кўра, Батукаевнинг соғлиги ёмонлашиб бораётгани ҳақидаги сўзларни тасдиқлагандан сўнг, унинг криминал авторитет бўшатилишига алоқадорлиги ҳақида миш-мишлар тарқай бошлаган.

«Ҳамма ерда Батукаевни мен қўйиб юборганим ҳақида миш-мишлар юрипти. Лекин бундай эмас. Мен уч йил уни кузатдим ва унинг аҳволи ҳақиқатда оғир эди», — деди у.

Омбудсмен барча оғир касалларни қамоқдан бўшатиш кераклигини айтади.

«Мен аввалдан ўлим ҳолатига яқинлашиб қолган бемор маҳбусларни яқинлари олдида қолган умрини ўтказиши учун қўйиб юбориш кераклигини айтганман», — дейди омбудсмен.

Акун сўзларига кўра, у Батукаевнинг Қирғизистонни тарк этганидан ажабланган.

«Мен Батукаевни Бишкекка келиб даволанади деб ўйлагандим. Бироқ шаҳарга келишга улгурмай уни учиб кетганини эшитиб ҳайрон қолдим», — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Омбудсмен маъмурияти ҳақиқатда Батукаевнинг озод қилинишини кузатиб борган. Бунга криминал авторитетнинг бўшатилиши тасвирга туширилган видео тасма ҳам далолат қилади. Унда омбудсменнинг Нориндаги вакили кўрсатилган.

Норин шаҳар суди 9 апрел куни Батукаевнинг қонида лейкоз касаллиги топилгани учун уни қўйиб юборганини ҳақида Олий суд матбуот хизмати 10 апрел куни эрталаб маълумот тарқатганди.

«Махсус тиббий комиссия ва №24 кучайтирилган режимдаги колония шифокорлари жорий йилнинг 28 мартида Азиз Батукаевга “Оғир лейкоз” диагнозини қўйишган», — хабарланганди Олий суд матбуот релизида.

Батукаевни муддатидан аввал бўшатиш ҳақидаги таклиф билан Норин шаҳар судига колония ижрочи бошчиси мурожаат қилагани айтилган, бироқ унинг исм-шарифи матбуот релизида кўрсатилмаганди.

Норин шаҳар суди ўз қарорини чиқаришда Қирғизистон жиноий процессуал кодексининг 363 моддасига таянган — моддада маҳбус оғир касалга чалинса муддатидан аввал озодликка чиқарилиши мумкинлиги айтилади.

Батукаев 2008 йилдан буён Норин шаҳар 24 рақамли кучайтирилган тартибдаги қамоқда сақланилаётган эди.

У Аламедин район суди тарафидан қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 16 йил ва 8 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

Унга қўйилган айбловлар ичида оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ноқонуний равишда қурол сақлаш моддалари ҳам бор эди.

Авторы: Нурия Рыскулова