Меҳнат миграциясида юрган қирғизистонликларнинг расмий сони 1 миллион 118 минг кишини ташкил қилади

354

Хорижда меҳнат қилаётган Қирғизистон фуқароларининг расмий сони 1 миллион 118 минг кишини ташкил қилди. Бу ҳақда «Азаттык» радиосига  Фуқароларни хорижда иш билан таъминлаш марказининг директори Кубандик Акматбеков билдирди.

Маълумотга кўра, мигрантларнинг аксар қисми Россияда меҳнат қилмоқда. Уларнинг сони 1 миллиондан ортади. Қозоғистонда 30 минг, Туркияда эса 20 минг нафар қирғизистонлик ишлаб юрибди.

Шунингдек, марказ директори 76 минг нафар қирғизистонлик Россиянинг «қора рўйхати»да эканини ва  бу мамлакатга кира олмасликларини қўшимча қилган.

«АҚШ билан Араб давлатларида 10 минг фуқаро бўлса, Германия, Канада ҳамда Италияда олти минг, Жанубий Кореяда беш мингдан ортиқ қирғизистонлик меҳнат мигранти бор», — дейди Акматбеков.

Фуқароларни иш билан таъминлаш маркази 2022-йилнинг январь ойида ташкил этилган. У Меҳнат, фаровонлик ва миграция вазирлиги қошида ишлайди. Вазирлар Маҳкамаси шундан сўнг марказ хориждаги қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилгани ҳақида хабар берди.