Олмаотада бедарак йўқолган қирғизистонлик Чолпонбек Сидиков топилди, у тез орада касалхонага ётқизилиши керак. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Олмаотадаги бош консули Назарали Арипов билдирди.
Унинг айтишича, куч органлари Сидиковни 9-январга ўтар кечаси Олмаота — Бишкек йўлида қўлга олишган.
«Уни олдин ҳарбийлар ушлаб, кейин полиция ходимларига ўтказиб беришган. Сўнгра калтаклаб, 2 оёғини, қовурғаларини синдиришган. Касалхонага етказгандан кейин ҳеч қандай маълумот беришган эмас», — деди Арипов.
Сидиков ўзи видеода калтакланганини айтиб берди.
«Зина орқали чиқдик, кейин бир каридорга олиб киришди. У ерда деворга тақаб тизиб олиб, калтаклай бошлашди. Ҳаммамизни уришди. Ҳаммамиз бақирдик. Калтаклайверишди, масалан эрталаб соат 10да бошлашса, тушга яқин мени оёқларимни синдиришди. Муштлаб, тепиб, дубинкалар билан уришди», — дейди у.
Бош консул Сидиковни Алатау туманидаги касалхонадан топишганини таъкидлади.
«Эртага уни олиб келамиз, оёғини, қовурғаларини тез орада операция қилиш керак. Қирғизистон ҳудудида кутиб олиб, тез ёрдам билан зудлик билан касалхонага олиб бориш керак», — деди бош консул.
Жамоат арбоби Ассоль Молдокматова эса соғлиқни сақлаш вазири билан келишганини маълум қилди — Сидиковни чегарадан реанимобил билан олиб кетиб, операция қилишади.
У Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаевга мурожаат қилиб, Чолпонбек Сидиковни ва бошқа қирғизистонилкларни қийноққа солганларни жазолашни сўради.
«Биз қирғизистонликларни ҳимоя қиламиз», — деди Молодокматова.
Чолпонбек Сидиков 8-январдан бери бедарак бўлган. Олмаотадаги дўсти Айгул Сартбаева ижтимоий тармоқларда у қўлга олинганини ва қаерга олиб кетгани номаълум эканини ёзган.
Унинг айтишича, Сидиков тартибсизликларга аралашмаган. Ўша куни рўйхатининг муддати тугагани сабаб Бишкекка йўл олган.