Парламент депутати ва «Бутун Қирғизистон» фракцияси депутати Адахан Мадумаров Бош прокуратурадаги сўроқдан чиқди. Халқ вакили сўроқда экани 14-январда эрталаб маълум бўлган.
Мадумаровнинг айтишича, эрталаб уйидан чиқаётганда дарвозаси олдида ўнлаган одамларни кўрган. Уларнинг бари ИИВ, МХДҚ ва прокуратуранинг вакиллари бўлган.
Назорат органи депутат сўроққа қайси иш бўйича ва ким сифатида чақирилганини билдирмаган. Сўроқдан чиққандан кейин Мадумаров журналистларга чегара масалалари бўйича гувоҳ қатори чақирилганини билдирди.
«Бутун Қирғизистон» партияси лидери сўроқни ўзининг сиёсий фаолияти билан боғлаб, босим бўлаётганини билдирди. Унинг айтишича, «бари президент Садир Жапаровнинг билдирувидан кейин бошланган».
«2019-йили чегара масаласи бўйича жиноий иш қўзғалган. Уни барча томонлар кўриб чиқиб, "умуман ҳеч нарса йўқ" деб ёпилган экан. Шу ёпилган нарсани декабрда парламент сессияси бошланганда қайта қўзғашмоқда», — деб келтиради «Азаттык» Мадумаров сўзларини.
Мадумаров шу бўйича яна сўроққа чақирилганини ҳам қўшимча қилди. Шунингдек, халқ вакили босим биргина ўзига эмас, партиядошларига нисбатан ҳам бўлаётганини билдирди. У 14-январда МХДҚга сўроққа «Бутун Қирғизистон» партиясининг депутати Орозайим Нарматова ҳам чақирилганини таъкидлади.
«Улар айрим ёш депутатларни шундай чақириқлар билан қўрқитиб қўямиз деб ўйлашса керак […] Бироқ “Бутун Қирғизистон" аъзоларини қўрқита олишмайди деб ишонч билан айта оламан», — деди у.
Президентнинг билдируви
Мадумаров «президентнинг билдирувлари» ҳақида гап қўзғаш билан Жапаровнинг ўтган йили Тожикистон билан бўлган чегара можароларига боғлиқ сўзларни айтаётгани аниқ.
Ўтган йилнинг 23-октябрида президент Садир Жапаров матбуот анжуманида 2009-йили Мадумаров, хавфсизлик кенгаши котиби бўлган вақтда протокол имзолаганини айтган. Жапаровнинг айтишича, мана шу ҳужжат сабаб Душанбе Баткендаги бир участкага эга бўлмоқчи.
Кейин президент Баткеннинг ерини сотган «сотқинларни» жавобгарликка тортишни ваъда қилган. Бу фактлар бўйича сайловдан кейин текширув бўлишини билдирган.
2019-йили МХДҚ бу протоколни текшира бошлаган. Мадумаров ўзи бк ҳужжатга қўл қўйиш тўғри қарор бўлганини билдириб, уни танқид қилаётганларни очиқ дебатга чақирган.