Граната туфайли панжасини йўқотган милиционерга товон тўланади

536

Кўчада топиб олган гранатанинг портлаши оқибатида қўл панжасидан айрилган милиция майори Шамиль Усубалиев товон пули олади.

Усубалиев номаълум ашёлар солинган ҳалтани 30 март куни топиб олган ва у билан «Ак-Орго» мавзеида жойлашган милициянинг шаҳар бўлими томон йўл олган.

Офицер милиция бўлими биносига кирганда қўлидаги ҳалта портлаган — бунинг оқибатида Усубалиев қўл панжасидан айрилган ва юзидан куюк олган.

Офицер ҳозирда реанимация бўлимида, унинг аҳволи «оғир» деб баҳоланмоқда.

Портлаш пайтида милиция майори ёнида бўлган бир аёл ҳам жароҳат олган, бироқ шифокорлар унинг аҳволи «мўътадил» эканини айтишмоқда.

Ички ишлар министрлиги матбуот хизмати инспектори Эрнис Осмонбаев Kloop.kg билан суҳбатда тергов ҳалта ичида граната бўлганини ва унинг портлаши сабабидан Усубалиев жароҳат олганини тахмин қилаётганини билдирди.

«Портлаш туфайли милиционер қўлидаги бир панжасидан айрилди [...] бу иш бўйича қатор экспертизалар белгиланди», — деди матбуот хизмати ходими.

Осмонбаев ИИМ жабрланган милиционерга шубҳасиз товон пули тўлашини, бироқ тўлов миқдори ҳозир аниқланмаганини айтди.

ИИМ вакили тергов маҳфийлигини айтиб, бу иш юзасидан гумонланаётганлар исмини ошкор қилмади.