Собиқ депутат Бактибек Калмаматовни «Манас» аэропортидан МХДҚнинг ходимлари терговга олиб кетишди. Сиёсатчининг чегара ходимлари тўхтатган вақтда тасвирга олинган видео Калмаматовнинг фейсбук саҳифасида эълон қилинди.
Унинг сўзларига кўра, у Саудия Арабистонига умрага учиб кетиш учун аэропортга келган. Аммо аэропортдаги чегарачилар унга мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқланганини айтишган. Кейинчалик Калмаматовга махсус хизматнинг икки вакили келиб, гувоҳ қатори сўроққа чақирилаётганини билдирган.
Собиқ депутат терговга айнан қайси иш бўйича чақирилганини билмаслигини таъкидлади. Сиёсатчига берилган чақирув қоғозида эса у сўроққа «21-декабрда соат 17:00га келиши кераклиги» ёзилган. Ҳужжатга МХДҚнинг терговчиси «И. Оторбеков» қўл қўйган.
Калмаматов чақирув қоғозида нима учун ўтган муддат кўрсатилганига қизиққанда МХДҚ ходимлари чақирув қоғозини бериш учун уни «тополмай юришганини» айтишди.
Сиёсатчи эса тарафдорларига мурожаат қилиб бу ҳаракатларнинг бари «ноқонуний эканини» таъкидлади.
«Ҳозир ахборот воситаларида “Калмаматов аэропортда қўлга олинди” деган маълумотлар чиқиб кетибди, ҳавотирланишга сабаб йўқ деб ўйлайман. Мени ўзим биламан, айбсиз эканимга ишонаман. Мени қўллаётган юртдошларимга яна маълумот берамиз», — деди Калмаматов.
Ҳозирда МХДҚ Калмаматов нима учун сўроққа чақирилганини билдиргани йўқ.
Бактибек Калмаматов — охирги вақтларда ҳукуматни ва президент Садир Жапаровни кескин танқид қилиб юрган сиёсатчилардан бири. У 28-ноябрда ўтган Жогорку Кенешга сайловга «Азаттык» партияси билан қатнашган. Аммо унинг партияси 5% тўсиқдан ўтмаган.
Калмаматов «Ата Мекен» партиясининг собиқ аъзоси ва парламентнинг собиқ депутати. У жорий йилнинг январида ўтган президентлик сайловига қатнашиб, 0,5% овоз олган.