Суд фаол Мелис Аспековни қамоқда қолдирди

320

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 21 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳибсда сақланаётган фаол Мелис Аспековга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш масаласини кўриб чиқди. Фаол товламачиликда гумон қилинмоқда.

Аспековнинг адвокати Сергей Манукян ҳимоясидаги шахсга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраган ва бунга унинг ишида фаолнинг айбсизлигини тасдиқловчи барча далиллар тўплангани сабаб бўлган. Шунингдек, у Аспеков яқинда юраги операция қилинганини қўшимча қилди.

Бироқ суд талабни қаноатлантирмай, Аспековни ҳибсда қолдирди.

Мелис Аспеков. Сурат: ИА 24.kg

Аспековнинг иши 

Мелис Аспеков Садир Жапаровнинг тарафдори бўлган. Фаол «Қирғиз темир йўли»нинг раҳбариятидан 250 минг доллар пора олишда гумонланиб 2021-йилнинг январида қўлга олинган.

Терговнинг версияси бўйича, Аспеков яна бир фаол Улан Жураев билан ишхонанинг раҳбариятини финпол тарафидан текширув жшнатамиз, «Қирғиз темир йўли»га қарши митинг уюштирамиз деб йирик миқдорда пул талаб қилган.

12 май куни Фейсбукда Мелис Аспеков номидан мурожаат пайдо бўлган. Унда Аспеков МХДҚнинг тергов қамоғида қийноқларга учрагани билдирилган. Аспеков бу ҳаракатлар хизмат етакчисининг буйруғи билан собиқ финпол етакчиси Сиймик Жапикеевга қарши «ёлғон кўрсатма олиш учун» қилинаётганини айтган.

14 май куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бу маълумотни рад этиб, «буни жамоатчиликни чалғитишга уриниш» деб баҳолашини билдирган.

Кўп ўтмай, 24-майда МХДҚ тарафидан Аспековга «товламачилик» моддаси билан яна бир жиноят иши қўзғалган. Тергов маълумотига кўра, Аспеков судланган қариндошини бўшатиш масаласини ҳал қилиб бераман деб аёлдан 15 минг доллар олиб, алдаб кетган.

Аспеков 9-августда инфаркт бўлиб, тергов қамоғидан касалхонага ётқизилиб, юраги операция қилинган. Унинг укаси Азамат Аспеков акасига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаганини айтган.

Августнинг охирида унинг юрагига «Бикард» клиникасида жарроҳ амалиёти ўтказилган. Кейинчалик уни ТИЗО-1га кўчиришган.