Жогорку Кенешнинг депутати, коррупцияга аралашганини тан олган собиқ божхона амалдорининг акаси Искендер Матраимов 2019-йили 15,4 млн сом даромад топган. Унинг 2020-йили топган даромади эса деярлик 2 млн сомга етган. Бу маълумотни у ўзининг солиқ декларациясида кўрсатган.
Шунингдек, у «Тойота Лэнд Крузер 200» автомобили ва бир уюр оти борлигини кўрсатган. 2019-йили отларининг қиймати 6,5 миллион сомга, кейинги йили эса — 7,7 млн сомга баҳоланган.
Шунингдек, Матраимов 2020-йилнинг декларациясига 7,7 миллион сомга баҳоланган отларини икки марта кўрсатган. Бу ерда хато кетган бўлиши мумкин ёки отларнинг нархи 15,4 млн сомга чиққан.
Бундан ташқари, депутатнинг 290 минг сомлик мебель, 290 минг сомлик техникаси бор.
2019-йили Матраимовнинг қариндошлари 5,3 миллион сом даромад топгани белигиланади. Улар қуйидагиларга эга:
- майдони 176,9 квадрат метр хонадон;
- майдони 2 минг квадрат метр бўлган уч капитал қурилиш;
- 3,9 гектар қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ер участкалари;
- 3 626 квадрат метр бошқа иншоотлар;
- «АвтоСТОлица» компаниясининг акциялари
2020-йили Матраимовларнинг оиласида 2 533 квадрат метр маъмурий бино ва «Тойота Рав 4» русумидаги машина пайдо бўлган. Айни йилда улар 5,3 млн сом даромад топиб, 6,3 млн сом сарфлашган.
Искендер Матраимов — божхона хизмати етакчисининг ўринбосари, «Клооп», «Азаттык» ва OCCRP’нинг қирғиз божхонасидаги коррупция бўйича суриштирувининг асосий фигуранти Райимбек Матраимовнинг акаси.
Яқиндагина бўлиб ўтган парламент сайловида Матраимов бир мандатли округдан номзодлигини кўрсатган. Дастлабки натижалар бўйича, у ўз округи бўйича олдинда.