Президент Садир Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев «Ата Мекен» партиясининг лидери Ўмурбек Текебаевга қилинган ҳужум бўйича маълумот давлат раҳбарига етказилганини хабар қилди.
«Давлат раҳбари мамлакатнинг Ички ишлар вазирлигига бу факт бўйича барча вазиятларни текшириб чиқаришни, Ўмурбек Текебаевга нисбатан қилинган ҳаракатларни амалга оширган одамларни аниқлаш мақсадида пухта тезкор тадқиқ ўтказишни ва тегишли чоралар кўришни топширди», — деб Фейсбук саҳифасига ёзди Султанбаев.
Унинг айтишича, айрим кучлар бўлган воқеани ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилаётганини инкон қилиб бўлмайди.
Шунингдек, Султанбаев ҳар бир фуқаро мақоми ва эгаллаган лавозимига қарамай ҳуқуқ тартибот идораларидан ўз ҳуқуқларини ҳамда эркинлигини ҳимоя қилишни талаб қилишга ҳақи бор эканини эслатди.
Текебаевга ҳужум
Бишкекдаги «Парк отель» меҳмонхонаси яқинида 1-декабрда «Ата Мекен» партиясининг лидери Ўмурбек Текебаевга ҳужум ҳаракати бўлди. Унинг айтишича, ўнлаган ниқоб кийган одам сиёсатчини кичик автобусга олиб кетишга уринган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Видеода меҳмонхонанинг олдида ўнлаган номаълум шахслар сиёсатчини ўраб олиб, уни турткилаётганини кўриш мумкин.
Сиёсатчининг айтишича, 70 нафарга яқин ниқобли одамлар махсус микроавтобусларда келиб, уни «гаплашиб олиш учун» олиб кетмоқчи бўлган.
«Кеттик, бошқа ерга бориб гаплашамиз дейишди. Бу орада одамлар кўпайиб, баъзилар телефонга видеога ола бошлашди. Шундагина танилиб қолмайлик деб қўрқишди шекилли, мени ва атрофдагиларнинг телефонларини тўплай бошлашди», — дейди у.
Текебаев ҳужум «сиёсий мақсадда» уюштирилганига амин.
«Бу ҳақиқий сиёсий ҳужум, сиёсий террорнинг бошланиши. Мендан бошланса [қўрқитув] бошқалар яна ҳам қўрқиб қолади деб ўйлашди. Нимага сизлар сайлов натижасидан норози бўласизлар? Нимага митинг қиляпсизлар, деб очиқ айтишди», — дейди Ўмурбек Текебаев.